Жиззах – Буюк Британия: IT соҳасида ҳамкорлик кенгаймоқда
Жиззахда вилоят ҳокими ўринбосари Акмал Савурбаев бошчилигида вилоят ташкилотларининг раҳбарлари ҳамда Буюк Британиянинг “Emotiv” компанияси раҳбари Эндрю Роусон Жон ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда “Emotiv” нинг Жиззахда очилган офиси ва компания фаолияти батафсил муҳокама қилинди.
“Emotiv” халқаро даражада рақамли ечимлар, онлайн савдо майдонларини бошқариш, шунингдек “eBay”, “Amazon”, “Walmart” каби глобал платформалардаги фаолияти билан танилган. Компания маҳсулот рўйхатларини тузиш, логистика ва бозор таҳлили бўйича йўлбошчилик қилади.
Учрашувда томонлар Жиззах вилоятида IT соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, ёшларни иш билан таъминлаш ва IT хизматлари экспортини ошириш йўлларини муҳокама қилдилар.
“Emotiv” компанияси билан ҳамкорлик Жиззахда рақамли технологиялар сектори салоҳиятини янада ривожлантиришга замин яратади.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири