Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах: бағрикенглик руҳи билан йўғрилган ҳафта
16:28 / 2025-11-17

Жиззах вилоятида Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан ўтказилган “Бағрикенглик ҳафталиги” вилоят аҳлининг бирлик ва ҳамжиҳатликка садоқатини яна бир бор тасдиқлади.

16 ноябрь куни вилоят ҳокимлиги, Дин ишлари  ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмиталар ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тадбир — Жиззах шаҳридаги “Ўрда экологик боғи”га кириш қисмида жойлашган асосий кўчани “Ўзбекистон маданий бойлиги” деб номлаш маросими бўлди.

Тантанали очилишда қозоқ, қирғиз, тожик, рус, татар, корейс миллий маданий марказлари вакиллари, жамоатчилик фаоллари, зиёлилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этиб, мамлакатимизда миллатлараро тотувликка қаратилаётган эътиборни эътироф этишди.

Президентимиз ташаббуси билан барча вилоятларда ташкил этилаётган “Ўзбекистон маданий бойлиги” кўчалари миллий маданиятлар ранг-баранглигини сақлаш ва тарғиб этиш йўлида муҳим масканларга айланиб бормоқда. Эндиликда бу масканда маънавий-маърифий кечалар, кўргазмалар ва миллий-маданий анжуманлар мунтазам ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Тадбирни очган вилоят ҳокими ўринбосари Саҳобиддин Болиев – бу ташаббус халқлар дўстлигини мустаҳкамлашда янги саҳфа очишини таъкидлаб, ҳамжиҳат элнинг катта ютуқлари айнан шу кўчадан бошланади дея қайд этди.

Бағрикенглик куни муносабати билан вилоят мусиқали драма театрида “Ўзбекистон — бағрикенг диёр” мавзусидаги маданий-мусиқий дастур ҳам ўтказилди. Унда Жиззах воҳасида бир неча асрлардан бери тинч-тотув яшаб келаётган 30 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, имом-хатиблар, “Оқила аёллар” ҳаракати ҳамда “Бувижонлар мактаби” аъзолари иштирок этишди. Саҳнада турли миллатлар маданиятини ифодалаган қўшиқ ва рақслар жозибаси иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.

Шу билан бирга, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимиз “Миллий бағрикенглик” кўкрак нишони, вилоят ҳокимининг ташаккурномалари, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Жиззахдаги “Бағрикенглик ҳафталиги” халқлар дўстлиги, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик каби юксак қадриятлар юртимизда амалий ҳаётга айланганини яна бир бор намоён этиб, жамоатчиликда чуқур таассурот қолдирди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари