Жиззах вилоят мусиқали драма театрида “Аёл — меҳр, садоқат, тараққиёт тимсоли” шиори остида ўтган тантанали тадбир вилоят ҳаётида фаоллиги, масъулият ва юксак маънавияти билан ажралиб турган хотин-қизларга чуқур ҳурмат ифодасига айланди.
Унда “Гендер тенглик фаоли”, “Йил аёли” ҳамда “Энг намунали маҳалла хотин-қизлар фаоли” миллий танловларининг вилоят босқичи ғолибалари эътироф этилиб муносиблари тақдирланди.
Кенг жамоатчилик ва фаол хотин-қизлар иштирок этган тадбир очилишида Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.
[gallery-26769]
Таъкидланганидек, бу борадаги амалий ишлар жойларда аёлларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Дастлаб “Гендер тенглик фаоли” миллий танлови ғолиблари эълон қилинди. Унда йил давомида гендер тенгликни таъминлашда самарали фаолият юритган Янгиобод туман ҳокимлиги, “Қалб нури” нодавлат нотижорат ташкилоти, вилоят адлия бошқармаси, Пахтакор туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими, Зафаробод тумани цемент заводи ҳамда Пахтакор туманининг “Пахтакор ҳаёти” газетаси жамоалари муносиб тақдирланди. Бу натижалар гендер тенглик масаласи давлат ва жамоат тузилмалари фаолиятининг устувор йўналишига айланганини яққол намоён этди.
Жиззах вилояти адлия бошқармаси ходими Ирода Облақулова қайд этганидек, жорий йил давомида “Жамиятда гендер тенглигини таъминлаш” мавзусида ўтказилган ўнлаб тадбирлар, шунингдек, юзлаб ҳужжатларнинг гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши мазкур йўналишдаги тизимли ишларнинг самарадорлигини кўрсатмоқда. Бу эса аёлларнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Тадбирда мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган, билим ва иқтидори, фидойилиги билан ажралиб турган “Йил аёллари” ҳам аниқланди.
“Йилнинг энг ватанпарвар аёли”, “Йилнинг энг фаол олима аёли”, “Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли”, “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли” каби 11 та номинация бўйича ғолиб бўлган хотин-қизларга республика босқичига йўлланмалар топширилди.
Шунингдек, вилоят ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнора Нормуродова томонидан ишбилармонлиги, жонкуярлиги ва ташаббускорлиги билан маҳаллада обрў-эътибор қозонган “Энг намунали маҳалла хотин-қизлар фаоллари” танлови ғолиблари эътироф этилди. Ушбу танловда Бахмал туманидаги “Мешкент” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Маъмура Тоҳирова биринчи ўринга муносиб деб топилди.
Йил сарҳисобида қишлоқ хўжалигида, хусусан, пиллачилик, илғор теримчи ва оилавий тадбиркорлик йўналишларида намунали натижаларга эришиб, кўплаб ҳамқишлоқларини иш билан таъминлаган қишлоқ аёллари ҳам алоҳида тақдирланди. Бу эътироф аёллар меҳнатининг жамият тараққиётидаги ўрни беқиёс эканини яна бир бор тасдиқлади.
Тантана якунида ғолиб ва совриндорларга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари топширилди.
Маданий-маърифий тадбир доирасида ижро этилган куй-қўшиқлар эса байрамга янада кўтаринки руҳ бағишлаб, хотин-қизларга бўлган юксак эътибор ва эҳтиромни қалбларга муҳрлади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари