Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан бойитиш ва қайта ишлаш саноатини ривожлантиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар ўзининг амалий натижасини бермоқда. Бу жараён нафақат республика кўламида, балки ҳудудлар кесимида ҳам яққол сезилмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь–октабрь ойларида мамлакат бўйлаб 114 триллион 800 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, шундан 2 триллион 600 миллиард сўмлик маҳсулот Жиззах вилояти улушига тўғри келган. Бу кўрсаткич вилоят агросаноат салоҳиятининг ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Жиззахнинг ўзига хос иқлим шароити ва табиий ресурслари мева-сабзавот етиштириш, чорвачилик ва қайта ишлаш саноати учун қулай замин яратади.
Сўнгги йилларда янги корхоналарнинг ишга туширилиши, кластерларнинг кўпайиши, замонавий қайта ишлаш қувватларининг кенгайиши вилоят озиқ-овқат тармоғини ҳудуд иқтисодиётининг етакчи йўналишларидан бирига айлантирди.
Бундай суръатдаги ривожланиш ички бозорни барқарор маҳсулот билан таъминлаш, ҳам экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини бермоқда. Айниқса, қўшимча қиймат яратадиган қайта ишлаш тармоқлари вилоятнинг умумий саноат улушида муҳим ўрин тута бошлади.
Жиззах озиқ-овқат саноатидаги бу ўсиш тенденцияси келгусида ҳам сақланиши, янги лойиҳалар ва ишлаб чиқариш қувватлари ҳисобидан тармоқ улуши янада ошиши кутилмоқда. Бу эса ҳудуднинг иқтисодий барқарорлиги, аҳоли бандлиги ва экспорт салоҳиятига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири