Минтақамиз ва дунёнинг айрим мамлакатларида юзага келаётган мураккаб вазият, глобал хавф-хатарлар, айниқса халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси каби таҳдидлар ички ишлар органлари олдига янги-янги вазифаларни қўймоқда.
Профессионал ички ишлар органи ходими ўз зиммасига юклатилган вазифаларни мукаммал бажариши, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жамиятда қонун устуворлиги ҳамда шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашда нафақат касбий, балки жанговар ва жисмоний жиҳатдан ҳам чиниқиши керак. Чунки ички ишлар органи ходими хизмат фаолияти давомида турли экстремал ҳолатларга дуч келиши мумкин. Бундай вазиятда у давлат ва жамият хавфсизлиги билан бирга, ўз хавфсизлигини ҳам таъминлаши, бунинг учун зарур махсус тайёргарликка эга бўлиши лозим.
Сўнгги йилларда соҳа ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шахсий таркибнинг жисмоний ва жанговар шайлигини ошириш, махсус-тактик ва саф тайёргарлиги, ўқотар қуролларни қўллаш ва ундан фойдаланиш кўникмаларини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳарбий хизматчи ва ходимларининг жисмоний ва жанговар тайёргарлик сифатларини замонавий усуллар ва янги талаблар асосида шакллантириш” мавзусида республика илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда вазирлик ва идоралар мутасаддилари, соҳанинг таниқли мутахассислари, олий таълим муассасалари вакиллари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари иштирок этди. Конференция доирасида жисмоний ва жанговар тайёргарликнинг замонавий стандартларини жорий этиш, хизматчиларнинг касбий маҳорат ва тайёргарлик даражасини янада ошириш, халқаро тажрибани амалиётга татбиқ этиш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Мутахассислар томонидан тақдим этилган маърузалар ва амалий тавсиялар Ички ишлар органларида хизматни самарали ташкил этиш, ходимларнинг жисмоний имкониятлари ҳамда жанговар тайёргарлигини янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди.
Конференция якунида соҳадаги амалий ҳамкорликни кучайтириш, ўқув-методик базани такомиллаштириш ҳамда инновацион ўқитиш технологияларини кенг жорий этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/EkvDRUNrWq4" title="Jismoniy va jangovar tayyorgarlik bo‘yicha konferensiya o‘tkazildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Турдалиева, У.Тўхтаев (видео), ЎзА