Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жисмоний ва юридик шахслардан 635 та мурожаат келиб тушди
16:18 / 2025-03-18

2024 йил давомида Инновацион ривожланиш агентлигига жисмоний ва юридик шахслардан 635 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 201 таси Президент виртуал қабулхонаси орқали, 434 таси эса тўғридан-тўғри ёки бошқа идора ва ташкилотлар орқали юборилган.

Мурожаатларнинг 408 таси жисмоний шахслардан, 26 таси юридик шахслардан тушган бўлиб, 26 таси ёзма, 234 таси оғзаки, 174 таси электрон шаклда бўлган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Инновацион ривожланиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Муқаддас Фаёзова маълум қилди.

Таъкидланишича, 617 та мурожаат агентликнинг марказий аппаратида, 3 таси ҳудудий бошқармалар орқали кўриб чиқилган, 15 таси эса тааллуқлилиги бўйича бошқа идора ва ташкилотларга юборилган. Ҳудудлар кесимида мурожаатларнинг 221 таси Тошкент шаҳридан, 414 таси эса Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 502 таси (80,1 фоиз) қаноатлантирилган, 112 таси бўйича тушунтириш берилган, 15 таси тегишли идораларга юборилган, 6 та мурожаат эса қонунчиликка асосан кўриб чиқиб тугатилган.

– Мурожаатларнинг асосий қисми таълим ва илмий танловларга оиддир. Жумладан, 233 та мурожаат олий таълимдан кейинги таълим жараёнлари бўйича, 136 таси давлат илмий дастурлари доирасидаги танловларга доир, 73 таси стартап танловларига тааллуқли ва қолганлари эса лойиҳа топшириш, ихтироларни амалиётга жорий этиш, ёш олимлар учун илмий стажировкаларда иштирок этиш ва бошқа масалаларни ўз ичига олади. Шунингдек, 2024 йилда агентликнинг ишонч телефонига 2500 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг 15 таси назоратга олинган, 2485 таси бўйича тегишли ҳуқуқий маълумот ва тушунтиришлар берилган. Расмий веб-сайтимиздаги онлайн консультация хизмати орқали 299 нафар фуқарога реал вақт режимида маслаҳат берилган, – деди М.Фаёзова.

Тадбирда илмий доира вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар билан 3 та сайёр қабул ўтказилгани ҳам таъкидланди. Уларда 54 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 44 таси қаноатлантирилган, 10 таси бўйича тушунтиришлар берилган.

Муқаддас Фаёзованинг сўзларига кўра, айни пайтда агентлик жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини таҳлил қилиш, уларга жавоб бериш ҳамда илмий ва инновацион соҳадаги муаммоларни ҳал этиш борасида ишларни давом эттирмоқда.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА