Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жисмоний тайёргарлик синови
15:54 / 2024-03-26

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам ўқувчиларнинг “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2021 йил 16 июндаги “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 январдаги “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича спорт синовларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида тумандаги 44-сонли умумтаълим мактабининг 1-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчилари ихтиёрий спорт нормативларини топширди.  

Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ташаббуси билан халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини янада юксалтириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини оммалаштириш мақсадида турли ёшдаги фуқаролар ўртасида ҳам “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари ўтказилиши йўлга қўйилди.  

– Спорт синовлари 7-17 ёш тоифаларида 5 та йўналиш бўйича вилоятдаги умумтаълим мактаблари жисмоний тарбия фани ўқитувчилари томонидан ўтказилди, – дейди Жиззах вилояти спорт бошқармаси бош мутахассиси Муҳиддин Эшмуродов. – Синовларни муваффақиятли топширган ўқувчилар 1-, 2- ва 3-даражали спорт нормативларини олишади. Бундан ташқари, олган разрядлари ва ёш тоифаларига қараб, юртимиз бўйлаб бепул саёҳат, болалар ёзги дам олиш оромгоҳларига бепул йўлланма ёки олий таълим муассасаларига имтиёзли кириш йўлланмаси ва турли спорт мусобақасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиши мумкин.  

Ғаллаорол туманидаги 44-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиларининг ихтиёрий иштирокида ўтказилган “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларида ўқувчилар фаол иштирок этди. Улар узоқликка сакраш, гавдани тик ушлаб туриш, турникда тортилиш, ётиб-туриш сингари белгиланган қатор йўналиш ва нормативлар асосида тест синовларини юқори даражада топширди. Ўқувчиларнинг натижалари мутахассис ва жисмоний тарбия фани устозлари томонидан қайд этиб борилди.  

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),  

ЎзА мухбирлари