Қарор ва ижро
Соғлом турмуш тарзига амал қилган, жисмоний фаол инсоннинг саломатлиги мустаҳкам бўлади. Бу ўз-ўзидан унинг жисмонан бақувват, интеллектул салоҳиятли бўлишига хизмат қилади.
Президентимизнинг 2021 йил 16 июндаги “Аҳоли жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Фарғона вилоятида мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида муайян ишлар амалга оширилаётган бўлиб, аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этиляпти.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини мамлакатимизда умуммиллий ҳаракатга айлантириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида спорт синовларини ўтказиш тартиби, “Спорт синовлари” ахборот тизимига ариза топшириш ҳақида сўз юритилди.
Жорий йилнинг ноябрь ойида юртимиз бўйлаб ўқувчиларни жисмоний ҳаракатланишга йўналтириш орқали уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини қабул қилишга старт берилмоқда. 416 та умумий ўрта таълим мактабининг 9 ва 11-синф ўқувчиларидан спорт синовлари қабул қилинади.
– Спорт синовлари ихтиёрий ва махсус талаблардан иборат бўлиб, ўқувчиларнинг чидамлилик, куч, эгилувчанлик ва тезлик имкониятлари ривожланганлик даражасини аниқлайди, – дейди вилоят Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси бошлиғи Нодиржон Ҳакимов. – Вилоятимизда ихтиёрий талаблар бўйича 38 та умумтаълим мактаби ва махсус талаблар бўйича 26 та спорт мактабида синовлар бўлиб ўтади. Спорт синовларида иштирок этиш учун 9 ва 11-синф ўқувчилари махсус платформа орқали рўйхатдан ўтиши мумкин. Бугунги семинарда масъулларга бу бўйича атрофлича маълумотлар берилди.
[gallery-14295]
“Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари ўқувчилар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш орқали уларнинг жисмоний қобилияти ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш, меҳнатга лаёқатини ошириш, зарарли одатлар ҳамда турли касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришга қаратилган лойиҳа ҳисобланади.
Айни дамда уни умуммиллий ҳаракатга айлантириш тадбирлари кўрилмоқда. Спорт синовлари 2024 йил март-апрель ойларида барча умумий ўрта таълим мактабларининг 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўқувчи-ёшларидан қабул қилинади.
Семинар доирасида Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” марказий стадионида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари бўйича амалий машғулот бўлиб ўтди. Унда спорт синовлари қабул қилинадиган умумий ўрта таълим мактаблари директорлари ва жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ҳамда махсус талаблар қабул қиладиган спорт мактаблари директорлари, директор ўринбосарлари ва тренерларидан спорт синовлари қабул қилинди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров(сурат),
ЎзА мухбирлари