Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда фуқароларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш мақсадида мамлакатимизда “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари ўтказилаётгани айни муддао бўлди.
Ушбу саъй-ҳаракат натижасида маҳаллаларда истиқомат қилаётган турли тоифадаги аҳоли вакиллари оммавий спорт ҳаракати билан қамраб олиниши сари муҳим қадам ташланди.

Шу кунларда юртимиз бўйлаб кенг миқёсда “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини муваффақиятли топширган аҳоли вакилларини тақдирлаш маросими ўтказилмоқда.

Куни кеча пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида ташкил этилган навбатдаги тадбирда “Жисмоний тайёргарлик даражаси”ни муваффақиятли топширган Тошкент шаҳри туманларидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи 30-70 ёш тоифасидаги аҳоли вакиллари I, II ва III-даражали кўкрак нишонлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, республикамизнинг 9 минг 8 та маҳалласидаги 30-70 ёш ва ундан катта ёшдаги аҳолининг жами 335 минг нафари рўйхатдан ўтиб, уларнинг 327 минг нафари спорт синовларида ўз имкониятини имтиҳондан ўтказди.

Ушбу саломатлик синовида ҳар бир маҳалладан 30 нафардан аҳолини спорт синовларига жалб этиш режалаштирилган эди. Одамлар орасида саломатликка эътиборнинг юқорилиги туфайли синовларда республика бўйича бир маҳалла йиғинидан ўртача 40 нафарга яқини жисмоний синовларда қатнашишга иштиёқ билдиргани соғлом турмуш тарзига қизиқиш ортганидан далолат, дейиш мумкин.
Бу борада энг яхши кўрсаткич Тошкент вилояти (ўртача 50 нафар), Бухоро ва Жиззах вилоятлари (ўртача 49 нафар) ва Сирдарё вилояти (ўртача 48 нафар) ҳисобига тўғри келди.

Махсус талаблар бўйича спорт синовларини топширган аҳолининг 5 минг нафари I-даража, 10 минг нафари II-даража, 16 минг нафари III-даражали мезон талабларини бажарди ва энг юқори натижа кўрсатган 3 минг 555 нафари тегишли тартибда “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўкрак нишонлари ҳамда белгиланган эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА