Қарор ва ижро
Жорий йилнинг 7 ноябрь куни давлатимиз раҳбари мактабларда мусиқа, жисмоний тарбия ва ҳарбий ватанпарварлик фанлари ўқитиш сифатини ошириш бўйича тақдимотлар билан танишганди. Тақдимотда ёшларни оммавий спортга кенг жалб қилиш, жисмоний тарбия фани бўйича ўқув қўлланмалар ишлаб чиқиш, ўқув дастурларини такомиллаштириш, фан ўқитувчиларининг билим даражаси ва касбий маҳоратини аниқлаш бўйича миллий баҳолаш тизимини йўлга қўйишга доир кўпгина долзарб ва муҳим масалалар кўтарилганди. Шу аснода Спорт вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда тегишли соҳа раҳбар ходимларига вазифалар белгиланиб, тегишли топшириқлар берилганди.
Гулистон шаҳрида ана шу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Спорт вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг қўшма йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда Президент Администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдураҳманов, спорт вазири Адҳам Икромов, Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримов иштирок этди.
Сим орқали ўтказилган йиғилишда жойлардаги студияларда тизим масъуллари, 208 та туман (шаҳар)даги 10 мингдан ортиқ мактабда фаолият олиб бораётган жисмоний тарбия фани ўқитувчилари, шунингдек, спорт мактаблари директорлари ҳамда спорт мураббийлари қатнашди.
Қўшма йиғилишда Президентимизнинг 2024 йил 15 ноябрдаги "Умумий ўрта таълим мактабларида жисмоний тарбия фани ўқитилишини тубдан такомиллаштириш ҳамда ушбу фан ўқитувчиларининг касбий фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўрсатиб ўтилган ва белгилаб берилган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
[gallery-20797]
Танқидий- таҳлилий руҳда ўтган сайёр йиғилишда спорт вазири Адҳам Икрамов сўзга чиқди.
Давлатимиз раҳбарининг мактабгача ва мактаб таълими ҳамда спорт тизимига бўлган эътибори туфайли мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги 10 минг 134 та умумий ўрта таълим мактабида фарзандларимизнинг ўқиб, таълим олиши учун ҳавас қиларли даражада шарт-шароитлар яратилаётгани, ўқувчи-ёшларнинг спортнинг бадминтон, баскетбол, волейбол, футбол, гандбол ва стол тенниси каби 33 тури бўйича шуғулланиши учун спорт инфратузилмаси ривожлантирилиб, очиқ ва ёпиқ усулдаги спорт майдончалари бунёд этилаётгани қайд этилди.
Бироқ шунча имконият, шарт-шароит яратилганига қарамай спортнинг футбол, волейбол, баскетбол, гандбол, стол тенниси, шахмат-шашка каби тўгаракларида иштирок этаётган ўқувчилар қамрови умумий ўқувчилар сонига нисбатан жуда паст, айрим жисмоний тарбия фани ўқитувчиларининг касбий маҳорати етишмаяпти, ўқувчи-ёшларни спорт турларига жалб этиш борасида сусткашлик мавжуд. Мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги ана шундай камчиликларга йўл қўяётган айрим умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарлари, жисмоний тарбия ўқитувчилари танқид остига олинди.
Шу билан бирга спорт таълим йўналишларини такомиллаштириш, ёшларни спортнинг академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэ, енгил атлетика, гандбол, шашка, велоспорт, қиличбозлик, эркин кураш, волейбол, футбол, бадминтон, шахмат, кураш, стол тенниси каби спорт турларига жалб қилиш, янги ишлаб чиқилиши кўзда тутилган ўқув-методик қўлланмалар орқали жисмоний тарбия ўқитувчиларининг касбий билим ва маҳоратини ошириб бориш ва уларга малака тоифасини бериш, жисмоний тарбия фани ўқитувчиларининг билим даражаси ва касбий маҳоратини аниқлаш бўйича миллий баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш, мактабларда ўқувчиларнинг спорт мусобақаларидаги иштироки, мактаб спорт клубларининг фаолияти, ўқувчиларнинг спорт билан қамраб олинганлик аниқлаш юзасидан рейтинг тизимини жорий этиш масалалари муҳимлиги ҳам таъкидланди.
Сайёр йиғилишда спорт вазири томонидан умумий ўрта таълим мактабларида ўтказилаётган шахмат тўгаракларини жисмоний тарбия фани ўқитувчилари эмас, математика ва физика фанлари ўқитувчилари олиб бориши лозимлиги тўғрисида таклиф берилди. Умуман, йиғилишда жисмоний тарбия ўқитувчиларини спорт либослри билан таъминлаш, уларни қўшимча рағбатлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан Спорт вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўртасида қўшма қарор лойиҳаси муҳокама этилди, қўшма фаолият кўрсатиш юзасидан келишиб олинди.
Пойтахтдаги студиядан мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев, ҳудудий студиялардан Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Бухоро, Андижон, Фарғона, Сирдарё, Сурхондарё вилоятлари мактабгача ва мактаб таълими тизими масъул вакилларининг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Ғулом Примов,Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари