Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жисмоний тарбия ва спорт – соғлом жамият таянчи
15:57 / 2023-04-08

Бугунги глобаллашув шароитида Ўзбекистоннинг буюк келажагини бунёд этиш асосан ёш авлод зиммасида экан, уларни билимли, маданиятли, меҳнатсевар, ташаббускор, изланувчан этиб шакллантириш ҳаёт тажрибасига эга, қийинчиликларда тобланган ёши улуғ фахрийларимиз шу билан бирга тарбиячилар, муаллимлар, олимлар ва умуман барчамизнинг асосий вазифамиздир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган  мурожаатномасида дунёдаги ҳозирги мураккаб шароитда очиқ ва прагматик, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсатни изчил давом эттирамиз.  Бундан кейин ҳам асосий эътиборимизни Марказий Осиёдаги барча қўшни мамлакатлар ва дунёдаги стратегик шерикларимиз бўлган давлатлар, халқаро ташкилотлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга қаратамиз. Бутун дунёда кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар, афсуски, бизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Лекин такрор айтаман, мусулмон умматига сабоқ берган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк уламолар етишиб чиққан бизнинг диёримизда бу борада адашганлар, радикализм ва экстремизм ғояларига берилганлар бўлиши мумкинми? Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз дея таъкидладилар.  

Сўнги йилларда ёшлар онги ва миллий тафаккурини шакллантириш, маънавият ва маърифатини юксак даражага кўтаришга алоҳида эътибор берилмоқда. Зеро, бу муҳим вазифани ҳал қилишда маънавий-ахлоқий тарбиянинг ўрни беқиёс. Инсон маънавияти ва маърифати, ақл-заковати, юксак ахлоқ-одоби, серқирра иқтидори, салоҳияти, диёнати, жасорати кабиларнинг барча-барчаси таълим-тарбиянинг маҳсулидир. Бугунги замонавий ахборот технологиялари ривожланган асрда кимлардир бу технологиялардан бунёдкорлик, илм-фан, тараққиёт йўлида фойдаланаётганлар бўлсалар, айримлар эса ижтимоий тармоқлар орқали қатор онги ўзига хос шаклланган, ўзининг мустақил фикрига, нуқтаи-назарига эга бўлмаган ёшларни тўрга тушириш ва ўзининг салбий ниятларини, ғаразли мақсадларини амалга ошириш йўлида фойдаланмоқда.  

Ҳозирги таҳликали замонда глобаллашув жараёнлари асосида бир қатор мамлакатларда кузатилаётган турли салбий жиҳатлар, тўполонлар, турли тартибсизликларнинг моҳиятига, асл негизига эътибор қаратадиган бўлсак, айнан шу мамлакатларда ўсиб келаётган ёшларга, уларнинг жамиятдаги қизиқишларига, ҳуқуқларига, манфаатларига эътиборсизлик, уларда олиб борилаётган ёшларга оид сиёсатнинг ҳозирги замоннинг янги таҳдидларига жавоб бера олмаслиги оқибатида вужудга келаётганлиги кўзга ташланади. Қатор жамиятлар, ҳаттоки ривожланган жамиятларда ҳам муаммо бўлиб келаётган ёшлар тарбияси, уларни миллий хусусиятларни ҳурмат қилишга ундаш, иш билан банд қилиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ўргатиш ўзига хос тарзда амалга ошириб келинаётганлиги, қайси бирларида эса умуман уддасидан чиқилмаётганлиги ачинарли ҳол эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.  

Глобаллашув даврида жисмоний тарбия ва спортнинг  тарбиявий вазифасини англаш ва унинг  аҳамиятини жамиятдаги  шахсни ўз мулоҳаза ва хулосаларига нисбатан масъулият ҳиссини сезишга йўналтиришни доимий таҳлил қилиш, керакли кўрсатмаларни бериб бориш ижобий натижа бериши табиий. Аксинча эса, фикрий турғунлик ва догматизм, кўр-кўрона итоат тақлид, фикрий боқимандалик, ақлий танбалликка олиб келади. Бежизга ўз даврида Фаробий, ибн Сино, Беруний каби алломаларимиз жисмоний тарбия ва спортнинг инсонда баркамоллик фазилатларини тарбиялашдаги ўрнини алоҳида кўрсатиб ўтмаганлар. Кейинги йилларда олимларимиз томонидан глобаллашув даврида спортнинг оммавийлигини ҳар томонлама ошириш ва унинг баркамол авлодни тарбиялаш воситаларидан бири эканлиги турли адабиётларда кенг таҳлил қилинмоқда. Жумладан, тадқиқотчилар А. Абдуллаев ва Ш.Хонкелдиевларнинг фикрларича, глобаллашув даврида жисмоний тарбия ва спортнинг шахс фазилатларига таъсири ҳақида сўз кетганда “Спортчи” сўзи талаффуз этилганда кўз ўнгимизда нафақат кучли, чидамли ва чаққон ҳамда қадди қомати келишган йигит ёки қиз образи гавдаланибгина қолмай, иродали, хақ сўзли, ҳаётга доимо яхши умид билан қарайдиган, оптимист, ҳар қандай қийинчиликларни осон енгувчи, камтарин ва ўз ютуқларига хотиржам инсонни тушунамиз.  

Глобаллашув даврида ёшларни замон билан ҳамнафас қилиб тарбиялашда катта аҳамиятга молик соҳалардан бири бўлган  жисмоний тарбия ва спорт ёш йигит-қизларнинг ижтимоий фаоллигини, мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида тўлақонли иштирокини таъминлаши билан биргаликда:  

Биринчидан: ёшлар  ижтимоий мавқеининг бугунги ҳолатини;  

Иккинчидан: ёшларнинг жамиятимиз ҳуқуқий аъзоси сифатидаги қобилият ва имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлашни;  

Учинчидан: Ёшлар тарбиясидаги салбий жиҳатларни бартараф этиш чора-тадбирларини белгилаш имконини яратади.    

Жисмоний машқлар билан шуғулланиш нафақат инсоннинг тана тузилишини ўзгартиради, балки, унинг ахлоқий фазилатларини ҳам бойитади. Спортчи уни қўрқув эмас, балки ахлоқий меъёрлар бошқараётганлигини тушунган пайтдан бошлаб мураббийларига, дўстларига, спортчиларга, атрофдаги барча-барчага қўрққани учун эмас, балки виждони буюргани учун хушмомилада бўлади.    

Мамлакатнинг келажаги фуқароларнинг бой маънавияти, маданияти ва соғлом бунёдкорлигига таянади. Зеро, эски таълим-тарбия асосида янги жамиятни қуриб бўлмайди. Шу муносабат билан глобаллашув даврида жисмоний тарбия ва спортнинг  тарбиявий вазифасини англаш ва унинг  аҳамиятини, таълим мазмунини ташкил этишда қуйидаги:  

Биринчидан: глобаллашув даврида жисмоний тарбия ва спортнинг  тарбиявий вазифасини амалга ошириш орқали мустақиллигимизни ҳис эта оладиган, ўзлигини англаб етадиган соғлом ватанпарвар ёшларни тарбиялаш;  

Иккинчидан: халқаро  миқёсдаги масалаларни тўғри тушунган ҳолда  жамият, давлат ва оила олдидаги масъулиятини англайдиган етук шахсни шакллантириш;  

Учинчидан: ёшлар тарбиясининг бош мақсад сифатида ахлоқий пок, жисмоний баркамол, ватан туйғусини юксак англайдиган фидойи инсонни, изланувчан, ташаббускор соғлом авлодни тарбиялашга эьтиборни қаратиш;  

Тўртинчидан: глобаллашув даврида спорт ва жисмоний тарбиянинг ижобий таъсири орқали янги жамиятни қуриш, унда яшаш, ишлашни биладиган ёшлар онгини шакллантиришга эришиш;  

Бешинчидан: жисмоний тарбия орқали  ирода, дадиллик, матонат, интизом, жамоатчилик, дўстлик ва ўртоқлик туйғулари, маданий хулқ-атвор кўникмалари, меҳнатга ва ижтимоий мулкка муносабат туйғуларини шакллантириш каби  мақсадларни кўзда тутиши керак бўлади.  

Хулоса ўрнида таъкидлашимиз лозимки, бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган асримизда янги Ўзбекистонни барпо этишимиз, мамлакатимиз ривожланиши барқарорлигини таъминлашимиз, ўз олдимизга қўйган улкан мақсадларимизга эришишимиз учун глобаллашувнинг ҳар қандай салбий жиҳатларига қарши иммунитет вазифасини бажарувчи жисмоний тарбия ва спортнинг тарбиявий аҳамиятини ёшларимиз онгига  сингдиришимиз давр талабидир.  

 Нурали Назаров,  

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия  

университети таълим сифатини  

назорат қилиш бўлими бошлиғи  

ЎзА