Халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган профессионал спортчиларнинг илк қадами оиладан, мактабдан бошланади.
Ўзбек спорт мактабининг довруғини дунёга достон этган афсонавий боксчимиз Руфат Рисқиевми, футбол афсонасига айланган Биродар Абдураимовми, яқин ўтмишда донг таратган Миржалол Қосимов ёки биринчи ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби Муҳаммадқодир Абдуллаевми, бугунги кун спортимиз қаҳрамонлари Баҳодир Жалолов, Абдуқодир Ҳусанов, Элдор Шомуродов, Диёра Келдиёрова, Акбар Жўраев, Руслан Нуриддинов, барча-барчасининг спорт турларига, машғулотларга қизиқиши ортишида жисмоний тарбия фани ўқитувчиларининг алоҳида ўрни бор.

Хўш, юртимизда умумий ўрта таълим мактабларида жисмоний тарбия фанини ўқитиш талаб даражасидами? Мавжуд таълим даргоҳларида ёшларга жисмоний тарбия машғулотларидан сабоқ бераётган, ёшларда спортга қизиқишни ошириши керак бўлган ўқитувчиларнинг малака кўникмаси етарлими?
2018 йилдан давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари асосида спорт таълимини такомиллаштириш, малакали мураббий-ўқитувчиларни тайёрлаш, спорт инвентарлари билан таъминлаш, спорт мажмуаларни таъмирлаш, қуриш, ободонлаштириш инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқиш борасида мисли кўрилмаган саъй-ҳаракатлар амалга оширилдики, қисқа фурсатда мамлакатимиздаги мавжуд ўрта таълим масканларидаги жисмоний тарбия ва спорт тузилмаси “кўркам боғ” кўринишини олди, десак муболаға бўлмайди.
Етти-саккиз йил мактаб спорт зали остонасини хатламаган киши бугун ушбу масканларга қадам қўйса ҳайратга тушиши бор гап. Бир пайтлари битта волейбол тўпи топилмаган, оддий шахмат жиҳозларига эга бўлмаган таълим масканлари олиб борилган тизимли ишлар натижасида замонавий спорт жиҳоз ва инвентарларига эга бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 ноябрда имзолаган “Умумий ўрта таълим мактабларида жисмоний тарбия фани ўқитилишини тубдан такомиллаштириш ҳамда ушбу фан ўқитувчиларининг касбий фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жисмоний тарбия ўқитувчиларининг билими оширилишига етарли замин яратилди. Энг муҳими, ўқувчиларнинг мусобақалардаги иштироки, мактаб спорт клубларининг фаолияти, ёшларнинг спорт машғулотлари билан қамраб олинганлик даражасини аниқлаш юзасидан рейтинг тизими вужудга келтириш платформаси яратилишига замин тайёрлади.
Мазкур қарорга биноан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамкорлигида умумий ўрта таълим ташкилотларининг жисмоний тарбия фани педагог кадрларини ўқув фанидан малака синовларини ташкил этиш йўлга қўйилдики, бу, жисмоний тарбия дарсларини ташкил этишнинг замонавий инновацион технологиялари, ўқитишнинг самарали шакллари ва усулларидан фойдаланган ҳолда илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириб боришни таъминламоқда.

Малакаси ошган, жисмоний тарбия дарсларига янгича йўналиш ва жараёнларни татбиқ этаётган мутахассислар орқали ўқувчилардан спорт синовлари қабул қилиш йўлга қўйилди.
Натижада ўтган йилнинг 1 апрель-17 май кунлари республикамиздаги 10 134 та умумий ўрта таълим мактабларининг ўқитувчилари томонидан 5 миллион 259 минг нафар 1-11 синф ўқувчилари спорт синовларини топшириш учун электрон тизимдан ўтказилди.

Мазкур ишларда самарадорликка эришиш, аҳоли вакилларини ҳам соғлом турмуш тарзи тамойиллари билан қамраб олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудларининг 208 та туман ва шаҳарларида жойлашган 254 та спорт мактабларининг 1 минг 890 нафар тренер-селекционерлари 9 минг 453 та маҳаллага бириктирилишига муваффақ бўлинди.
Ушбу ҳаракатларнинг пировард мақсади, жисмоний тарбия фани ўқитувчиларининг эришган натижасига қараб, яъни ўқувчи ёшларнинг спорт ютуқларидан келиб чиқиб малака тоифасига эришишини таъминлаш асносида баҳолаш тизимлари, рейтинг кўрсаткичлари яратилади. Бу маҳоратли спортчи ёшларнинг камолга етишига шароит яратиши билан аҳамиятлидир.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА