English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жинсий жиноятлар бўйича тергов ваколатининг прокуратура органларига қайтарилиши – жиноятларни яширишнинг олдини олади
10:45 / 2026-03-05

Президентимизнинг “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги муҳим фармони ушбу соҳада юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтарди.

Одил судлов академияси Инсон ҳуқуқлари, халқаро ҳуқуқ ва ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси мудири Дилшод Исроилов фармоннинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди:

– Кейинги йилларда мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, эрта никоҳ ва маиший зўравонлик ҳолатларини бартараф этиш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Янги фармон айнан шу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқиши билан алоҳида аҳамиятга эга.  

Фармоннинг энг муҳим янгиликларидан бири, жинсий эркинликка қарши жиноятлар бўйича терговни прокуратура органлари томонидан амалга ошириш тартиби жорий этилишидир. Хусусан, фармоннинг 14-бандига мувофиқ, Жиноят кодексининг 118, 119, 121, 128, 128-1 ва 129-моддаларида назарда тутилган жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни фақат прокуратура органлари амалга ошириши белгиланди.  

Бу амалда жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки, номусга тегиш, жинсий зўравонлик, вояга етмаганларга нисбатан жинсий ҳаракатлар каби ҳолатлар оғир ва ўта оғир жиноятлар ҳисобланади. Бундай ишлар юқори даражадаги профессионаллик, махсус методика ва жиноят-процессуал тажриба талаб қилади.

Аслида бундай тоифадаги жиноятлар узоқ йиллар давомида прокуратура терговчилари томонидан тергов қилинган. 2000 йиллар бошида жиноят-процессуал тизимни ислоҳ қилиш жараёнида айрим тоифадаги жиноятларни тергов қилиш ваколати ички ишлар органларига ўтказилди. Шу даврда жинсий жиноятларни тергов қилиш ҳам ички ишлар органлари зиммасига юклатилди.

Амалиёт эса бу қарор ҳар доим ҳам кутилган натижани бермаганини кўрсатди. Чунки, ички ишлар органлари тизимида профилактика хизмати, жиноят қидирув бўлимлари ва тергов бўлимлари бир раҳбариятга бўйсунган ҳолда ишлайди. Бу эса айрим ҳолатларда жиноятларни яшириш, рўйхатга олмаслик ёки жиноят ишини қўзғатмаслик каби ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин эди.  

Жинсий жиноятлар табиатан латент жиноятлар қаторига киради. Яъни уларнинг катта қисми расман рўйхатга олинмаслиги мумкин. Бунинг бир неча сабаблари бор: жабрланувчиларнинг қўрқуви ёки ижтимоий босим; оилавий ёки маҳаллий муҳитдаги таъсир; тергов органларига ишончнинг пастлиги; айрим ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноятни расмийлаштиришга нисбатан етарлича эътибор берилмаслиги.

Шу боис, жинсий жиноятларни очиш ва сифатли тергов қилиш учун мустақил ва кучли прокурор назорати муҳим аҳамиятга эга. Жинсий жиноятлар бўйича тергов ваколатининг прокуратура органларига қайтарилиши бир нечта муҳим натижаларга олиб келиши мумкин. Биринчидан, ҳар бир ҳолат прокурор назоратида бўлади. Бу жиноятларни яшириш ёки рўйхатга олмаслик ҳолатларини кескин камайтиради. Иккинчидан, прокуратура терговчилари бундай тоифадаги жиноятлар бўйича катта тажриба ва методик билимларга эга. Учинчидан, бундай ишлар бўйича тергов сифати ошади ва айбдор шахсларнинг жавобгарликдан қочиб кетишига йўл қўйилмайди. Натижада жиноят учун жазонинг муқаррарлиги таъминланади.

Фармонда яна бир муҳим янгилик назарда тутилган. Унга кўра, 2027 йилдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан кўриб чиқилади. Бунда, айниқса, аёл терговчилар ва аёл судьяларга устуворлик берилиши белгиланган.  

Бу амалиёт халқаро стандартларга ҳам тўлиқ мос келади. Чунки, жинсий жиноятлар қурбонлари кўпинча психологик жиҳатдан оғир ҳолатда бўлади. Улар билан ишлашда махсус тайёргарлик, психологик ёндашув ва эҳтиёткорлик талаб қилинади.

Фармонга мувофиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, ички ишлар вазирлиги академияси ва Одил судлов академиясида терговчи ва судьялар учун махсус ўқув дастури ташкил этилади. Ушбу дастур “Жиноятдан жабрланган аёллар ва болалар билан ишлашнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари” деб номланади.  

Мазкур дастурда халқаро стандартлар, инсон ҳуқуқлари нормалари, жинсий жиноятларни тергов қилиш методикаси, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш механизмлари каби масалалар чуқур ўрганилади. Бу эса, суд муҳокамаларининг янада адолатли ва профессионал ўтказилишига хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, фармон мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муҳим ҳуқуқий қадамлардан бири бўлди. Айниқса, жинсий жиноятлар бўйича тергов ваколатининг прокуратура органларига қайтарилиши – адолатни таъминлаш, жиноятларни яшириш ҳолатларининг олдини олиш ва тергов сифатини ошириш нуқтаи назаридан жуда тўғри қарор ҳисобланади.

Шунингдек, бундай жиноятларни махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан кўриб чиқиш амалиёти жорий этилиши халқаро стандартларга тўлиқ мос келади. Бу чора-тадбирлар жамиятда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка мутлақо муросасиз муносабат шакллантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда адолатли судловни таъминлашга хизмат қилади.

Норгул Абдураимова,  

ЎзА