Президент Администрацияси, Олий суд, Адлия ҳамда Ёшлар ва спорт вазирлиги вакилларидан иборат Республика ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Мазкур ишчи гуруҳ маҳалла аҳолисини жиноятчилик ҳақида хабардор қилиш, ҳуқуқий тарбияни йўлга қўйишнинг самарали механизмларини яратиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи Хоразм вилоятида фаолиятини бошлади. Урганч ва Хива шаҳарлари, Гурлан ва Боғот туманларида бўлиб, жиноятчилик сони ошган маҳаллаларда фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Мулоқотларда маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчилар, ёшлар етакчиси ва профилактика инспекторлари ҳамда асосий иштирокчи сифатида ёшлар қатнашди.
Урганч ва Хива шаҳарлари, Гурлан ва Боғот туманларида жиноятлар сони бўйича “қизил” ҳудудга киритилган жами 17 маҳалла бўлиб, ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир маҳалладаги фуқаролар билан жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида суҳбат қилиб, аҳолининг таклифларини ҳам эшитди.
Шунингдек, жиноятлар сони ошган маҳаллалардаги учрашувларда Хоразм вилояти, туманлараро ва туман (шаҳар) судлари судьялари томонидан сайёр судлар ўтказилди. Бу жараёнларда профилактик ҳисобда турувчи шахслар, тарбияси оғир ёшлар ва бошқа маҳалла маъмурияти вакилларининг иштироки ҳам таъминланди.
Судланувчиларнинг ҳуқуқбузарлик содир этиш ҳолатлари, уларга тайинланган жазо каби барча процессуал жараёнлар маҳалла аҳлининг кўз ўнгида ўтди, бундан иштирокчилар ўзлари учун тўғри хулоса қилиши аниқ.
Маҳаллаларда ўтган мулоқотларда фаол бўлмаган ёшлар қаторида ўз касбининг устаси, юртимиз ва дунё миқёсида чемпион бўлган спортчилар борлиги маълум бўлди. Бирор фойдали касб билан банд бўлмаган ёшларни қизиқишидан келиб чиқиб, спортчиларга бириктириш, спорт тўгаракларига жалб этиш масалалари ҳам белгилаб олинди.
Асосийси, ишчи гуруҳнинг ҳудудлардаги мулоқотларида жиноятчиликка олиб борадиган ҳеч бир масала ва жиноят содир этиши мумкин бўлган ҳар қандай шахс эътибордан четда қолмади.
Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА