Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиноятга жазо тайинлашдан кўра, олдини олган афзал
07:02 / 2022-05-29

Одам боласи ҳеч қачон жиноятчи бўлиб туғилмайди.

 Ўсиб улғайиши мобайнида баъзан тарбиядаги камчиликлар, ёхуд ташқи муҳит таъсирида ҳаётнинг эгри йўлларига кириб қолади. Бундай ҳолларда қонунлар устувор, жиноятга эса жазо тайин. Эгри йўллардан қадам босган борки, бир кун келиб қоқилади. Жазосини олади.


Қашқадарё вилоят судининг судьяси Ф.Қамбарова ва Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман суди раиси Ф.Чориев иштирокида Шаҳрисабз тумани “Чоршанбе” маҳалла фуқаролар йиғини ҳуқуқ тартибот масканида ташкил этилган давра суҳбати ҳам айни шу масалаларга бағишланди.

Суҳбат давомида судялар томонидан “Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш” жинояти тушунчаси ва мазкур жиноят учун тайинланадиган жазо турлари, “Одам (чақалоқ) савдоси – жирканч иллат”, “Коррупция – жамият кушандаси” мавзуларида атрофлича тушунча берилди.

Тадбир доирасида Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман суди раиси Ф.Чориев томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, унда бир нечта маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилди. Бундан ташқари, Шаҳрисабз туман ИИБ Пробация гуруҳида ҳисобда туриб, жазо ўтаб келаётган бир нечта маҳкумлар жазодан шартли равишда озод қилинди. Фуқаро Г.З, З.А ва Х.С қилмишидан пушаймонлиги ва тўғри йўлга кирганлиги ҳисобга олиниб, ЖКнинг 73-моддасига асосан жамоатчилик кўз ўнгида жазодан шартли озод қилинди.

Шунингдек, суд раҳбарияти томонидан сайёр қабул ўтказилиб, унда бир нечта фуқаролар қабул қилиниб, уларнинг муаммолари юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.

Давра суҳбатида маҳалла фаоллари, уюшмаган ёшлар ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари иштирок этди.

Ўлмас Баротов,
ЎзА.