Бухоро вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари — Маънавий - маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи генерал-майор Даврон Назармухамедов ҳамда вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигида ишчи гуруҳ ўрганишларининг якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Даврон Назармухамедов ИИВнинг асосий 16 та соҳаси бўйича масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ вилоятдаги мавжуд криминоген вазиятни таҳлиллар асосида комплекс ўрганиб, давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижроси доирасида Бухоро вилоятида жиноятчиликни жиловлаш борасидаги “Бухоро тажриба”сини яратишга доир манзилли ишлар олиб бориб, “Йўл харитаси” ишлаб чиққанлигини айтиб ўтди.
Шундан сўнг, вилоятда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш борасида амалиётга татбиқ этиладиган “Бухоро тажрибаси”нинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Бухоро давлат университети ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик меморандумига кўра, “Психологик ва социологик хизмат кўрсатиш” илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилгани, марказ томонидан олиб бориладиган ишлар ва уларнинг амалга ошириш механизмлари хусусида сўз юритилди.
Йиғилишда жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олишда тарғибот тадбирларининг самараси жуда юқори эканлиги, жиноятнинг нимага етаклашини тушунган инсон ундан тийилишга ҳаракат қилиши, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида, маҳаллалар ҳудудида вояга етмаганлар, ёшлар ҳамда хотин-қизлар жиноятчилиги, ўғирлик ва фирибгарлик, тан жароҳати билан боғлиқ жиноятлар, йўл транспорт ҳодисалари, ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётган турли жиноятлар, айниқса пластик карталардан пул ечиб олиш ва ўғирлаш билан боғлиқ жиноятларни олдини олиш ҳамда бу турдаги жиноятларнинг содир этилишига имкон бераётган омиллар, туб сабаблар ҳамда уларнинг оқибатлари, аҳолининг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш мақсадида “Мобил тарғибот гуруҳ” ларининг фаолияти йўлга қўйилгани ҳам бу борадаги иш самарадорлигининг гарови эканлиги таъкидланди.
Ушбу белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан Бухоро шаҳридаги криминоген вазияти энг оғир бўлган “Р.Ҳамроев” номли маҳалла танлаб олинди. Мазкур маҳаллани тажриба сифатида “жиноятдан холи маҳалла”га айлантириш чоралари кўрилиши юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Тақдимотда жиноятларни жиловлашнинг “Бухоро тажрибаси”ни республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам оммалаштирилиши таъкидланди.
Зариф Комилов, ЎзА