Бухоро шаҳрида жорий йилнинг ўтган даврида жиноятлар сони кўпайган.
Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носировнинг шаҳар аҳолисига йўллаган мурожаатида таъкидланишича, оғир турдаги жиноятлар 170 тага ёки 54,3 фоизга, унча оғир бўлмаган жиноятлар 104 тага ёки 50 фоизга, кам аҳамиятли жиноятлар 153 тага ёки 38,8 фоизга кўпайган. Фақатгина босқинчилик, автомашина олиб қочиш жиноятлари содир этилмаган.

Қайд қилинган жами 1 минг 361 та жиноятларнинг 409 таси ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар шахсий ташаббуси билан аниқланган. Барча соҳаларда қайд этилган жиноятларга ички ишлар органлари, ИЖҚК Департаменти, прокуратура, ДХХ ва Божхона қўмитаси томонидан жиноий иш қўзғатилган.
Шаҳардаги ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 121 тага ёки 45,8 фоизга ошгани ачинарлидир. Ёшлар томонидан содир этилган 385 та жиноятлар умумий жиноятларнинг 28,3 фоизини ташкил қилади.

Содир этилган 385 та жиноятларнинг 89 таси фирибгарлик жинояти, 2 таси ўлим билан тугаган ЙТХ, 21 таси тан жароҳати билан тугаган ЙТХ, 28 таси безорилик, 6 таси тижоратда пора эвазига оғдириб олиш, 5 таси қасддан баданга оғир шикаст етказиш, 9 таси қасддан баданга ўртача шикаст етказиш, 34 таси қасддан баданга енгил шикаст етказиш, 92 таси ўғирлик, 10 таси порахўрлик, 2 таси чет элга чиқиш қоидаларини бузиш, 2 таси қўшмачилик, 54 таси бошқа турдаги жиноятларни ташкил қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА