Бухоро вилояти ҳокимлигида вилоятда содир бўлган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар, ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган, аҳоли орасида шов-шувларга сабаб бўлаётган ҳуқуқбузарликлар муҳокамасига оид танқидий-таҳлилий руҳдаги йиғилиш ўтказилди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов, вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов, ҳуқуқ-тартибот органлари масъуллари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича вилоят ҳамда ҳудудий идоралараро комиссия аъзолари, мутасадди идоралар вакиллари иштирокидаги йиғилишда Когон шаҳрининг Махтумқули маҳалласида содир этилган қотиллик ҳамда вилоятнинг бошқа ҳудудларида кузатилган бир қатор жиноят ва ҳуқуқбузарликлар тилга олинди. Шунингдек, вужудга келган криминоген вазият, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, унга омил бўлган шароит, жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар хусусида сўз юритилди. Криминоген вазият оғирлашган ушбу ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш механизмларини белгилаш юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича масъулларнинг ҳисоботи тингланди.



Муҳокама қилинган ҳудудларнинг масъуллари, секторлар раҳбарлари ва бошқа мутасаддиларга интизомий чора қўллаш тўғрисида йиғилиш қарори қабул қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.