Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиноятчиликни олдини олишда муҳим омил
12:28 / 2021-08-30

Жиззах вилоят судида “Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш” мавзусида семинар-мулоқот бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан ташкил этилган ушбу тадбирни кенгаш раисининг ўринбосари Алишер Жалилов олиб борди ва унда бир гуруҳ жиззахлик вояга етмаганлар, уларнинг ота-оналари ва оммавий ахборот воситалариг вакиллари иштирок этди.  

– Жиззах вилоятида ёшлар, айниқса, вояга етмаганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, баркамол шахс этиб вояга етказиш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Анвар Ҳомидов. –Муҳтарам Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсида “Биз суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишда содда ва ҳаётий талаблардан келиб чиқдик. Хусусан, судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак, деган ғояни илгари сурдик ва амалга оширишни бошладик”, деган фикрлари бугунги cуд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг нечоғлик одилона эканлигини ифодалайди.  

[gallery-3662]

– Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 28 июлдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонуни мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасидаги изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисининг ўринбосари Алишер Жалилов. – Мазкур қонунда белгиланган нормалар судьяларнинг чинакам мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш, судлар фолиятининг самарадорлиги ва нуфузини ошириш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Мазкур ҳужжатда илгари қабул қилинган эски таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонунда белгиланмаган нормалар киритилди.

Ушбу қонунга биноан судья зиммасига ўз ваколатларини амалга оширишда, шунингдек, хизматдан ташқари муносабатларда судьялик одоби кодекси талабларига риоя этиши, суд ҳокимияти обрўсини, судьянинг шаъни ва қадр қимматини тушириш ёки унинг беғаразлиги, холислиги ва адолатлилигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан ўзини тийиши, коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига ва одил судловни амалга ошириш бўйича ғайриқонуний аралашишларга, уринишларга қаршилик кўрсатиши керак. Бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда бу ҳақда Судьялар олий кенгашига хабар қилиши белгилаб қўйилди.

–Учрашув жараёнида Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонунининг мақсад ва вазифалари, ушбу қонунга мувофиқ вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир фаолиятнинг асосий вазифалари атрофлича муҳокама эътилди, – дейди Жиззах вилоят судининг бош консультанти Алишер Пўлатов. – Шунингдек, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасида ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларнинг иштироки, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фаолияти, таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари ваколатлари ва бошқа бир қатор масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.  

Тадбир иштирокчиларига вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик ва унинг барвақт олдини олишга оид видеороликлар намойиш этилди. Тадбирда иштирок этган вояга етмаганларга “Жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари кутубхонаси”дан ўрин олган бадиий китоблар совға қилинди.

 

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА