Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институтида жиноятчиликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Институт раҳбарияти томонидан иштирокчиларга институтнинг ҳуқуқий мақоми, стратегик вазифалари, долзарб тадқиқот йўналишлари, халқаро рейтинглар билан ишлаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Институт томонидан 15 га яқин, хусусан, Германия, Туркия, Жанубий Корея, Россия вa бошқа хорижий давлатлардаги криминология институтлари, жиноятчиликни тадқиқ қилиш марказлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Тадбирда ушбу давлатларда жиноятчиликка қарши курашишнинг илғор амалиёти, жумладан, кибержиноятчилик, вояга етмаганлар жиноятчилиги ва реабилитация дастурлари бўйича тажрибалар намойиш этилди.

Жиноятчилик бўйича статистик таҳлиллар, сўровномалар, илмий прогнозлар вa криминоген ҳудудларни аниқлаш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари тақдим қилинди. Айниқса, жиноятчиликнинг омилларини аниқлашдаги инновацион ёндашувлар кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Институт томонидан нашр этилган криминологик журналлар, илмий мақолалар, услубий қўлланмалар, ахборотлар ва ижтимоий фойдали буклетлар намойиш этилди.

«Криминология» халқаро журналининг янги сони, вояга етмаганлар билан ишлашга доир методик тавсиялар, жиноятларни таҳлил қилишда қўлланилаётган технологик воситалар, электрон назорат тизимлари, смарт-браслетлар, интерактив мониторинг панели ва сунъий интеллект асосида жиноятни прогноз қилиш бўйича ишланмалар ҳақида маълумот берилди.
Институт раҳбари, полковник Б.Бердиалиев криминоген вазият, жиноятчилик тенденцияси, сабаблари ва оқибатларига тўхталиб ўтди.
Ушбу тадбир жиноятчиликнинг замонавий турлари ва уларнинг хавфини жамоатчиликка етказиш, илмий таҳлил вa фактларга асосланган ёндашув асосида кенг муҳокама қилиш, фуқаролик жамияти иштирокини кучайтириш вa институт фаолиятини шаффоф очиб бериш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.
Криминология тадқиқот институти масъуллари бундай очиқ мулоқот форматидаги тадбирларни давом эттириш, оммавий ахборот воситалари билан мунтазам ҳамкорликни кучайтиришга доим тайёрлигини билдирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА