Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиноятчиликка қарши курашишда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда
12:27 / 2024-05-17

2024 йил 14 мартда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Айтиб ўтиш керакки, мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шахс, жамоат ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича яхлит ҳуқуқий тизим яратилди.

– Қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдига янги вазифаларни қўймоқда, - дейди Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нилуфар Бегматова. – Ушбу органларнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш бўйича тезкор ва самарали қарорлар қабул қилиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.  

Мазкур қонун билан “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонунга маълумотларни тўплаш, тезкор киритиш, ниқобланган операция каби тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш тартибини аниқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.  

Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, тезкор-қидирув тадбирлари ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда, шу жумладан, кибермаконда ёки унинг имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўтказилиши мумкин эканлигини белгилашни назарда тутувчи меъёрлар қонундан ўрин олди.  

“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунга жиноятларнинг ҳолатларини аниқлаш, жиноятларни содир этган шахсларни аниқлаш ва қидириш, шунингдек, жазони ўташдан бўйин товлаётган ёки бедарак йўқолган шахсларни қидириш мақсадида оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан бепул фойдаланишга доир ички ишлар органларининг ҳуқуқларини аниқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш киритилди.  

Алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, жиноятчиликка қарши курашишда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланиш соҳа ходимлари учун жуда самарали. Бу борада ички ишлар органлари ва оммавий ахборот воситаларининг мустаҳкам ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Ҳамкорлик асосида амалга оширилаётган тарғибот ишлари ҳам жиноятчиликнинг олдини олишнинг энг самарали воситасидир.  

“Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонунга маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус муассасада тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш мумкин эканини белгиловчи қўшимча киритилди.  

Бир сўз билан айтганда, янги қонун жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини янада ишончли таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.  

 

Норгул Абдураимова,

ЎзА