Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида Қибрай туманида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган кенгайтирилган учрашув бўлиб ўтди.
Асосий мақсад Президентимизнинг хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашдир.

Унда вилоят ва туман ҳокимликлари масъуллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, таълим муассасалари ва туман ИИБ профилактика инспекторлари, маҳалла раислари, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича масъуллар, шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мулоқот давомида жиноятчиликка қарши курашишда олиб борилаётган ишлар ҳар томонлама таҳлил қилиниб, уюшган жиноятчиликка қарши қатъий курашиш, кибержиноятчилик, яширин иқтисодиёт ҳамда наркожиноятларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, маҳаллаларда оилавий зўравонлик, талончилик ва безорилик ҳолатларига йўл қўймаслик, гиёҳвандликка нисбатан тоқатсиз муҳитни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, ҳуқуқбузарликлар кўп учраётган такрорий хавф даражаси юқори бўлган, шартли равишда “қизил маҳаллалар” деб белгиланган ҳудудларда профилактик ишлар самарадорлигини ошириш, манзилли ёндашувни кучайтириш, таълим муассасалари, маҳалла ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Таҳлилларга кўра, ўтган йилда Қибрай туманида жами 679 та жиноятлар ҳисобга олинган бўлиб, 2024 йилга нисбатан 29 тага ошган. Тумандаги 60 та маҳаллаларнинг 23 таси “яшил”, 30 таси “сариқ” ва 7 таси “қизил” тоифага ажратилган. 31 та олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар “қизил” тоифадаги маҳаллаларда содир этилган.
Вилоят ҳокими ўз сўзида жиноятчиликка қарши курашишда майда масала йўқлигини, ҳар бир мурожаат, ҳар бир ҳолатга масъулият билан ёндашиш орқалигина жамоат хавфсизлигини таъминлаш мумкинлигини қайд этди. Шунингдек, профилактика ишлари фақат оқибатни бартараф этиш эмас, балки жиноят содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган бўлиши лозимлиги айтилди.

Бундан ташқари, Қибрай туманида ҳар бир маҳалла кесимида жиноятчилик ҳолатини таҳлил қилиш, “қизил маҳаллалар”да комплекс чора-тадбирларни кучайтириш, ёшлар ва талабалар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Учрашув якунида йиғилганлар ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Муаммолар тингланиб, уларнинг ечими бўйича тегишли масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди.
А.Мусаев, ЎзА.