English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиноятчиликка қарши курашда янги босқич
15:05 / 2026-01-10

Қашқадарё вилояти прокурори Бектош Сайиповнинг аҳолига йўллаган мурожаати жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Унда вилоятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, қонунийликни таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида амалга оширилаётган ишлар атрофлича ёритилган.

Сўнгги йилларда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, жиноятлар содир этилишига сабаб бўлаётган омиллар тезкор аниқланиб, бунга йўл қўйган масъулларнинг жавобгарлиги ҳал этилмоқда. Натижада 2025 йилда вилоятда олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сезиларли даражада камайган.

Маҳаллаларда аҳоли гавжум жойлар, кўчалар, кўп қаватли уйлар, таълим муассасалари атрофига минглаб замонавий кузатув камералари ўрнатилди. 16 мингдан ортиқ хонадон техник қўриқловга олинди, юзлаб “намунавий хавфсиз йўлак” ва “намунавий хавфсиз кўча”лар ташкил этилди. Шунинг натижасида вилоятдаги 776 та маҳалланинг 379 тасида умуман жиноят содир этилмади, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар эса 43 фоизга камайди.

Бироқ мурожаатда таъкидланганидек, айрим шахслар ҳануз нопок йўллар билан бойишга уриниб, ўзганинг мол-мулкига тажовуз қилмоқда. Айниқса, кибер жиноятлар кескин кўпайган. Ўтган йилда ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда 5 минг 400 дан ортиқ жиноят содир этилган бўлиб, улар умумий жиноятларнинг 55 фоизини ташкил этган. Бу жиноятлар оқибатида фуқароларнинг 20 миллиард сўмдан ортиқ маблағи талон-торож қилинган.

Кибер жиноятларга қарши курашиш мақсадида вилоят прокуратураси ташаббуси билан “Хавфсиз интернет ёрдамчи” телеграм-боти ишга туширилди. У орқали минглаб зарарли ҳаволалар ва иловалар аниқланиб, зарарсизлантирилди, аҳолининг кибер саводхонлигини оширишга қаратилган юзлаб тушунтириш материаллари тарқатилди. Натижада 450 дан ортиқ кибер жиноятнинг олди олинди.

Вилоят прокурори мурожаатида қонунийликни таъминлашда фақат давлат идоралари эмас, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам фаол иштироки ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлайди. Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, мулкка эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, ижтимоий тармоқлардаги алдов ва ёлғон ваъдаларга ишонмаслик ҳар бир инсоннинг шахсий масъулиятидир.

“Агар барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, воҳамизни жиноятдан ҳоли, тинч ва хавфсиз ҳудудга айлантиришга ҳисса қўшсак, бу йўлда албатта муваффақиятга эришамиз”, – дея мурожаат қилади вилоят прокурори.

Бу мурожаат ҳар бир қашқадарёликни бефарқ бўлмасликка, қонунийлик ва хавфсизликни таъминлашда фаол иштирок этишга чорлайдиган муҳим даъват сифатида аҳамият касб этмоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА