French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Жиноят занжири” тўлиқ узилди
11:20 / 2025-12-09

Президентимизнинг гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашишга қаратилган тегишли қарори ижроси доирасида мамлакат бўйлаб “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирининг учинчи босқичи давом этмоқда.

Хусусан, Тошкент вилояти ИИББ ва ДХХ вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган кенг кўламли тадбирда Фарғона вилоятидан пойтахтга катта миқдорда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини етказиб, уларни сотиш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди. 

Тошкент туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида, 1985 йили туғилган аёл назоратдаги харидорга келишилган кучли таъсир қилувчи дори воситасини 750 минг сўмга 13 ёшли қиз жияни орқали етказиб берган вақтида қўлга олинди. Тадбир давомида унинг уйидан қиймати 20 миллион сўмлик 162 дона кучли таъсир қилувчи дорилар топилиб, далилий ашё сифатида расмийлаштирилди. 

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу аёлни дорилар билан таъминлаб келган Тошкент шаҳрида яшовчи икки шахс ҳам 23 миллион сўм эвазига 278 дона шу турдаги дориларни сотган вақтида қўлга олинди. Улар автомашинаси ва яшаш хонадонида 67 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси сақлаб келаётгани аниқланиб, ҳужжатлаштирилди. 

“Жиноят занжири”ни тўлиқ узиш мақсадида тезкор тадбир Фарғона вилоятида давом эттирилиб, данғаралик 39 ёшли аёл ҳамда қўқонлик 35 ва 39 ёшли икки эркак 738 дона кучли таъсир қилувчи дориларни 44 миллион сўм эвазига шартли харидорга сотган вақтида қўлга олинди. 

Тошкент вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган мазкур тезкор-қидирув тадбири натижасида, умумий қиймати 150 миллион сўмлик 1 минг 343 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси мусодара қилиниб, минглаб фуқаронинг мазкур дорилардан зарарланиши ва дориларга қарам бўлиб қолишининг олди олинди. 

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, 6 нафар гумонланувчига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. 

А.Мусаев, ЎзА.