Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп иш қилингани қайд этилиб, одил судловни таъминлаш юзасидан галдаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Адолатли ҳукм ва қарор чиқариш учун вилоят судларининг ваколати ҳам, масъулияти ҳам оширилиши таъкидланди.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш жараёнида жиноят учун жазо тайинлашда шахснинг хулқ-атвори, унинг қилмишни содир этишдаги ўрни ва ролини ўрганишда судьяларнинг масъулияти янада оширилди. Жиноят учун жавобгарлик ва жазодан озод қилиш ҳам қонуннинг ривожланиши ва шахснинг ўз хатти-ҳаракати натижасида юзага келадиган ҳуқуқий жараён бўлиб, жиноят учун жавобгарлик ва жазодан озод этишда бир қанча ўзгаришлар юз берди.
Суд амалиётида жавобгарликдан озод қилишнинг бир қатор турлари белгиланган. Жумладан, жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетгани муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиниши мумкин. Бунда жавобгарликка тортиш муддати жиноят содир этилган кундан бошлаб ҳукм қонуний кучга кирган кунгача ҳисобланадиган жавобгарликка тортиш муддати тушунилади. Қилмиш ёки шахс ижтимоий хавфлилигини йўқотгани муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш, яъни жиноят ишини тергов қилиш ёки судда кўриш вақтида шароит ўзгаргани туфайли содир этилган қилмиш ўзининг ижтимоий хавфлилигини йўқотган деб топилса, жиноят содир этган шахс жавобгарликдан озод қилиниши мумкинлиги кўрсатилган. Айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлгани муносабати билан ёки ярашилгани муносабати билан ҳам жавобгарликдан озод қилиниши белгиланган. Касаллик туфайли озод этилишда агар жиноят содир этган шахсда ҳукм чиқарилгунига қадар ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган тарзда руҳий ҳолатнинг бузилиши юзага келган бўлса, у жавобгарликдан озод қилиниши, бундай шахсларга нисбатан эса суд томонидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилиши мумкинлиги кўрсатилган. Шунингдек, амнистия акти асосида жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Хусусан, Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича судлари томонидан ўтган 2022 йил давомида 46 та кўриб тамомланган жиноят иши юзасидан жами 78 нафар шахс жавобгарликдан озод этилди.
Жазодан озод қилиш – бу давлатнинг жиноят содир этгани учун судланган шахсга жиноят қонунчилигида назарда тутилган асослар ва шартлар мавжуд бўлган ҳолда жазони тайинлашдан ёки жазони ижро этишдан воз кечишидир. Жиноят кодексининг ХIII бобида жазодан озод қилишнинг ҳар хил турлари назарда тутилган. Жазодан озод қилишнинг ушбу турлари шартли ёки шартсиз тусга эга бўлиши мумкин.
Ўтган йилни таҳлил қиладиган бўлсак, жиноят ишлари бўйича судларда жазони ижро этиш муддати ўтиб кетгани, шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши, яъни бунда жиноят содир этган шахс агар иш судда кўрилаётган вақтгача шароит ўзгаргани ёки шахс намунали хулқи, меҳнатга ёки ўқишга ҳалол муносабати билан ўзини кўрсатиб, ижтимоий хавфлилигини йўқотди деб эътироф этгач, айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлгани, шартли ҳукм қилиш, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш, касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш, амнистия акти ёки афв этиш муносабати билан 2 минг 173 нафар шахс жазодан озод этилди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбуриятига айланаётган Янги Ўзбекистонда одил судловни амалга ошириш устувор вазифа сифатида белгилаб олинди. Шунга мувофиқ эндиликда билиб-билмай жиноят содир этиб, жазони ўташ даврида ўзининг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва мазкур жиноятдан тўғри хулоса чиқарган шахслар жазо ҳамда жавобгарликдан озод этилмоқда. Шунингдек, судлар амалиётида шахснинг жавобгарлик ва жазодан озод қилиш учун қонун нормаларининг ривожланиши, шахснинг жиноятни содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атвори, айбининг шакли ва даражаси, жиноят қилиш шароити ва сабабларига ҳам эътибор қаратилган ҳолда жавобгарлик ва жазодан озод қилиниб, жамиятдан ўз ўрнини топишга ёрдам берилмоқда.
Суд-ҳуқуқ соҳасида сўнгги йилларда юз бераётган бундай янгиланишлар инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, ҳар бир инсон қадрини улуғлаб, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги ифодасидир.
Б.Нормуродов,
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси
ЎзА