Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғи, полковник,юридик фанлар доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Мирзаюсуп Хакимович Рустамбаевнинг “Жиноят кодексига шарҳлар” уч қисмдан иборат китобининг 6 нашри тақдимоти ўтказилди.
Аҳолини қонунчиликнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида хабардор қилишнинг сифатини тубдан ошириш, давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳуқуқий ахборотдан кенг кўламда фойдаланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғи, юридик фанлар доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, профессор Мирзаюсуп Хакимович Рустамбаевнинг “Жиноят кодексига шарҳлар” номли уч қисмдан иборат китобининг 6 нашри чоп этилди. Ушбу янги нашр Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига 2025 йил 1 сентябрга киритилган қўшимча ва ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда тайёрланган. Унда амалдаги қонун ҳужжатлари, тергов ва суд амалиёти, Ўзбекистон Республикаси Олий суди қарорлари асосида жиноят ҳуқуқининг умумий ва махсус қисми масалалари ёритилган. Янгилик ўрнида айтиш мумкинки, китобдаги QR-кодлар орқали моддалар шарҳида берилган норматив ҳужжатлар матни билан танишишингиз мумкин.
Янги нашрда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига киритилган ўзгартишлар жиноят-ҳуқуқий муносабатларнинг замонавий талабларига мос равишда такомиллаштирилганини кўрсатади. Жазони алмаштириш, озодликни чеклаш ва шартли озод қилиш каби институтлар аниқ ҳуқуқий мезонлар билан бойитилиб, уларнинг қўлланиш амалиётида аниқлик ва барқарорлик таъминланди. Шунингдек, фойдали қазилмаларни рухсатсиз қазиб олиш, спорт соҳасида коррупция, интернет орқали гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси, одам савдоси каби ижтимоий хавфли қилмишлар учун жавобгарлик кучайтирилди. Шу билан бирга, интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқий тартибга солиш тизими соддалаштирилиб, ҳуқуқларни бузганлик учун жазо чоралари кучайтирилди, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ёпиқ суд мажлиси маълумотларини ошкор этмаслик каби ўзгартиришлар шарҳлаб берилди. Ушбу ўзгаришлар миллий жиноят қонунчилигининг инсонпарварлик, адолат ва ҳуқуқий аниқлик тамойилларини янада чуқурроқ ифода этиб, жиноят-ҳуқуқий сиёсатни демократик ислоҳотлар йўналишига мувофиқ равишда янгилади.
2004 йилда илк бор нашр этилган “Жиноят кодексига шарҳлар” китоби 20 йилдан ортиқ вақт давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, судялар, адвокатлар, тадқиқотчилар, Бош прокуратура Академияси тингловчилари, Олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсант ва тингловчиларига ҳамда олий таълим муассасаларининг ўқитувчи, талабалари, шунингдек, жиноят ҳуқуқи ва қонунчилиги билан қизиқувчи кенг китобхонлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6OOuV1B49es" title="“Jinoyat kodeksiga sharhlar” kitobining taqdimoti o‘tkazildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА