French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиноят битта бўлса ҳам кўп...
19:24 / 2022-10-09

Вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, шаҳар, туман, вилоятни жиноятлардан холи ҳудудга айлантиришда “Маҳалла – мактаб – оила” тамойили асосида иш олиб бориш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан мамлакатимизда ўқувчилар томонидан ўтган 2021 йилда содир этилган жиноятлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинган.

Ушбу маълумотга кўра, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида жойларда қандай профилактик тадбирлар олиб борилаётгани,  давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “маҳаллабай” тизими асосида иш олиб боришда маҳалла – халқ таълими ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида қандай иш олиб борилаётганига ҳам аниқ баҳо берилган. 

Мазкур маълумот кўра, энг юқори кўрсаткич Фарғона вилоятида қайд этилган. Водийлик мактаб ўқувчилари томонидан ўтган 2021 йилда  491 та ҳолатда турли даражадаги жиноят содир этилган. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган ўқувчи ёшлар томонидан мос равишда 165 та ва 142 та жиноят  содир этилгани ачинарли ҳол албатта.

Бу кўрсатгичлар юқорида номлари зикр этилган ҳудудларда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида профилактик тадбирлар етарли даражада олиб борилмаётгани, халқ таълими ва ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасида ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмаганидан далолат беради. 
Ўз навбатида, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилган маълумотга кўра, вояга етмаганлар ўртасида Қорақалпоғистон Республикасида 27 та, Сирдарё вилоятида 25 та ва Жиззах вилоятида 23 та ўқувчилар томонидан жиноят содир этилган. 

Бугунги кунда ўқувчилар ўртасида энг кам жиноят содир этилган Жиззах вилоятида мавжуд 555 та умумтаълим мактабида 261 минг 616 нафар ўқувчи ўқимоқда. Таҳлилларга кўра, вилоятда мактаб ўқувчилари ўратасида жиноят содир этиш ҳолатлари 2019 йилда 28 тани, 2020 йилда 25 тани, 2021 йилда 23 тани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида жиноятлар яна 12 тага камайган.

– Бу борада асосий эътиборни боланинг руҳий-психологик ҳолати, жиноят содир этишга ёки ушбу жиноятга иштирок этишга сабаб бўлаётган омилларни ўрганишга, таҳлил қилиш ва эскирган услублардан воз кечиб, болани фақат жазолаш билан чекланмай, балки унинг оилавий муҳити, яшаш шароити ва оиладаги ота-она ёки ота-она ўрнини босувчиларнинг болани назоратсизлигига олиб келаётган бефарқлигини бартараф этишга қаратдик, – дейди Жиззах вилояти прокурорининг вояга етмаганлар бўйича қонунчилик ижроси устидан назорат йўналиши катта ёрдамчиси Бахтиёр Холбоев. – Республика бўйича Жиззах вилоятида 2021 йил давомида энг кам –  23 та ҳолатда ўқувчилар томонидан содир этилган жиноятлар қайд этилгани, яъни камайганини ижобий ҳолат деб баҳолаш мумкин, албатта. Лекин бу мақтанишга арзигулик ҳолат, деб бўлмайди. Қолаверса, 1 та  жиноят содир этилсада, айниқса у вояга етмаган шахслар ўртасида содир этилган бўлса, шу ҳам кўп. Бизнинг асосий мақсадимиз – вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликни бутунлай бартараф этиб, вилоятимизни жиноятлардан холи ҳудудга айлантиришдан иборт. 

Дарҳақиқат, жиззахликлар ана шу эзгу мақсад йўлида маҳаллабай ишлаш тизими асосида вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги барча мутасадди идоралар вакилларидан ташкил топган комиссия мутасадди идоралар билан ҳамкорликда, ҳамжиҳатликда астойдил иш олиб бормоқда, бу эса таҳсинга лойиқ.


А.Қаюмов, ЎзА