Мустақилликнинг 34 йиллиги олдидан
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг ахборот хизмати Сурхондарё вилоятидаги “Тўпаланг” сув омбори ва “Тўпаланг” дарёси бўйларида барпо этилган гидроэлектр станцияларига пресс-тур ташкил этди.
Мамлакатимизнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари ва хорижлик журналистлар иштирок этган тадбирда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти Тўпаланг ГЭСлар каскади филиали директори Асрор Улуғов, “Тўпаланг” сув омбори бошлиғи Саидваққос Ҳамроев йирик сув омбор ва гидроэлектр станциялари қурилиши тарихи, кейинги йилларда бу ерда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида атрофлича маълумот берди. Меҳмонлар “Тўпаланг” сув омбори тўғонига чиқиб, кўм-кўк зилол сув оҳиста чайқалиб турган йирик иншоотни кўздан кечирди. Вазиятлар маркази ва сув омбор қошида 2006 йил ишга туширилган илк гидротехник иншоот – “Тўпаланг” гидроэлектр станцияси, “Зарчоб-1” ва “Зарчоб-2”, “Зарчоб-3” ГЭСлари билан яқиндан танишди. Гидроэнергетиклар билан дилдан суҳбатлашиб, жиловланган оби-ҳаётдан янада оқилона фойдаланишнинг келгусидаги режаларини тинглади.
[gallery-24295]
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган кунда бошланган пресс-тур қатнашчилари бу ерда юз бераётган янгиланишлар энг улуғ байрамимизнинг “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғоясини ўзида мужассам этганини кўрди. Сув омборда тўпланган оби-ҳаёт минглаб гектардаги ғалла, пахта, боғ ва аҳоли томорқаларини узлуксиз сув билан таъминлаб, Ватан равнақи, вилоятнинг тоза ичимлик суви билан таъминланмаган ёки қаттиқлик даражаси ошган истеъмолчиларга шифобахш, юмшоқ оби-ҳаёт етказиб бериб, миллат саломатлиги, “Тўпаланг” дарёси бўйларида қад ростлаётган ГЭСлар экологик тоза, арзон электр энергияси ишлаб чиқариб, халқимиз ободлиги учун хизмат қилаётганига гувоҳ бўлди.
Аслида бундан 45 йилча илгари Сариосиё туманидаги осмонўпар тоғлар қўйнида қурилиши бошланган йирик иншоот мустақиллик йилларида фойдаланишга топширилди. У баланд тоғлардан оқиб тушаётган оби-ҳаётни тўсиб, қишлоқ хўжалигида мақсадли фойдаланиш, экин майдонлари ва томорқаларни сув билан таъминлаш учун қурилган. Қурилиш авжига чиққан йиллардан бошлаб, бу ердан репортаж ва хабарлар тайёрлаганмиз. Мутахассислар билан суҳбатлар, илғор қурувчилар ҳақида очерклар ёзганмиз. Лекин, ўша йилларда ҳеч ким биз журналистларга вақти келиб, бу ерда ГЭСлар қурилиб, аҳоли хонадонларию, ишлаб чиқариш корхоналарига нур таратиши, одамлар тоза, шифобахш сувидан баҳраманд бўлиши ҳақида бирон оғиз гап айтмаган. Чунки, бундай улуғвор режанинг ўзи бўлмаган. Ҳисор тоғ тизмаларидан эниб тушадиган оби-ҳаётни тўплаб, сув танқисроқ бўладиган ёз фаслида экин-тикинларни суғориш ҳақида, янги ерларни ўзлаштириш хусусида инсон измига бўйсундирилаётган оби-ҳаёт баҳор серёғин келган йилларда теварак-атрофни, экинзорларни кутилмаган турли талафотлардан асрашга хизмат қилиши тўғрисида фикр юритишган, холос. Сув омборда тўпланаётган оби-ҳаёт эндиликда нафақат бу мақсадлар, балки замонавий саноат ва аҳолида талаб ошиб бораётган эҳтиёжни қондириш учун ишончли электр энергияси ишлаб чиқаришга, одамларни сифатли ва тоза ичимлик суви билан таъминлашга йўналтирилгани мустақиллик инъом этган буюк неъматлардан бири бўлди.
Денгиз сатҳидан 900 метрлар чамаси баландликда 500 миллион куб-метр сувни сақлаш қувватига эга сув омбор тўғонига чиқиб, теварак-атрофга назар ташласангиз, тоғлар қўйнида шишадек товланиб турган кўм-кўк зилол сувдан кўзингиз қувнайди. Тоғнинг пастки тарафига боқсангиз, яшилликка бурканган бепоён далалару томорқаларга, аҳоли пунктларига шиддат билан талпинаётган “Тўпаланг” дарёси суви баҳри-дилингизни очади. Моторли қайиқларда мириқиб сузаётган одамлар, сув омбор бўйларида она табиатдан шавқ олаётган экотурзим шайдолари завқингизни оширади. Ҳов пастроқда қад ростлаган бир-бирига ўхшаш қадди тик, кўркам биноларда экологик тоза ва арзон электр энергияси ишлаб чиқарилаётганини, ундан ҳам қуйироқда ичимлик сувини қайта ишлашга мўлжалланган йирик иншоотни кўриб, фахр ҳиссини туясиз. Дарё сувидан юрт тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида оқилона фойдаланилаётгани истиқлол меваси эканига қатъий ишонч ҳосил қиласиз.
Икки кун давом этган пресс-тур иштирокчилари ҳам кейинги саккиз йилда тоғлар қўйнида юз берган янгиланишлар билан танишиб, қалбларидан ана шундай ҳисларни ўтказди. Ҳаяжонли таассуротларини бир-бирлари билан ўртоқлашди.
“Тўпаланг” сув омбори қошида қуввати 30 МВтли ягона гидроэлектр станцияси бундан 19 йил илгари ишга туширилган эди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йил мамлакатимиздаги сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, янги ГЭСларни қуриш ва эски ГЭСларни модернизация қилиш учун “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ташкил этилди. Ана шу ғоя вилоятда энергия ресурсларига ошиб бораётган эҳтиёжни юмшатиш учун эски ГЭСни модернизация қилиш ва янгиларини қуришга кенг имконият яратди. Жумладан, “Тўпаланг” сув омбори қошидаги қуввати 30 МВтли илк гидроэлектр станцияси тубдан модернизация қилиниб, қуввати 145 МВт га оширилди. Йилига ўртача 467 миллион кВт.соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқаради бошлади. Бошқарув тўлиқ автоматлаштирилиб, инсон омилисиз ишлайдиган “ақлли” тизим яратилди.
Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, 2017 йилгача воҳада қуввати 30 МВтли битта ГЭС электр энергияси ишлаб чиқарган бўлса, сўнгги саккиз йилда бу тўққиз баробарга ошиб, МВтга етди. Ҳозир вилоятда турли ҳажмдаги 16 та, шунингдек, 8 та кинетик турбинали ГЭС аҳоли хонадонлари, ишлаб чиқариш корхоналари ва бошқа объектларга экологик тоза нур улашмоқда.
– Дастлабки ГЭСлар хорижлик ҳамкорлар билан барпо этилган бўлса, энди маҳаллий мутахассислар бу ишни қойилмақом қилиб уддалаётир, – дейди “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти Тўпаланг ГЭСлар каскади филиали директори Асрор Улуғов. – Шунингдек, асбоб-ускуналар ҳам маҳаллийлаштирилмоқда. Бир йўла бошқарув тизими автоматлаштирилиб, инсон омилисиз энергия ишлаб чиқармоқда.
Маҳаллий ва хорижлик журналистлар дарё бўйларида қисқа йилларда бунёд этилган “Зарчоб-1”, “Зарчоб-2”, “Зарчоб-3” ГЭСларида ўрнатилган замонавий бошқарув тизимларининг иш жараёнлари ҳам катта қизиқиш уйғотди.
– Сурхондарёга биринчи марта келдим, – дейди Туркиянинг ТРТ телерадиотармоғи вакили Эрдўғон Топчук. – Ижодий жамоамиз билан сув омбор ва янги қурилган ГЭСлар билан танишдик. Туркияда ҳам бунга ўхшаш гидроиншоотлар бор. Бу ерда ҳам Туркиядагидек туризмни ва сув спортини йўлга қўйса бўлар экан, деган фикр хаёлимдан ўтди. Жамоамиз аъзолари – Шохрухбек Олимов ва Рустам Соатов билан бирга кеча жонли эфирга чиқиб, тоғнинг гўзал табиати ва амалга оширилаётган ишларни ТРТ экранларида кўрсатдик. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган бу ишларнинг қанчалик муҳимлигини янада чуқур ҳис этдик. Келгусида бу лойиҳаларнинг янада кўпайиши ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон тўғрисидаги тасаввурларимизни бойитди.
Маълумотларга кўра, вилоятдаги ГЭСлар йилига қарийб 700 миллион кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқармоқда. Бу орқали 200 миллион м3 табиий газ иқтисод қилиниб, 300 мингга яқин хонадон электр энергияси билан таъминланаётир. ГЭСларда 300 га яқин малакали маҳаллий мутахассис меҳнат қилмоқда.
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти 2033 йилгача вилоятда яна 22 та лойиҳани амалга ошириб, 395 МВт бўлган янги энергия қуввати яратишни мўлжалламоқда. Бу ишларнинг амалга оширилиши воҳанинг гидроэнергетик қувватини 668 МВт га етказади.
– Дунёда экологик тоза энергетикага эҳтиёж ортиб бормоқда, – дейди Қозоғистон телевидениесининг Ўзбекистондаги мухбири Бозоргул Отиншиева. – Қозоғистонда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мен мамлакатингизнинг жанубдаги воҳасига илк бор келиб, экологик тоза энергия ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишганимдан жуда хурсандман. Бу соҳада катта ишлар олиб борилаётганини кўрдим. Бу истеъмолчиларни босқичма-босқич арзон ва экологик тоза энергия билан таъминлаш ҳажмини ошираётганига ишонч ҳосил қилдим. Буларнинг барчасини Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаган оқилона сиёсати ва фидойи гидроэнергетикларнинг изланишлари самараси, деб биламан.
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг келгусидаги лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун шу кунларда “Мизот-Киштут” автойўл қурилиши доирасида 30 километрдан ортиқ янги йўл барпо этилмоқда. Лойиҳа доирасида 2025-2033 йилларда Сув омборнинг Киштут тарафида 189 МВт қувватга эга 14 та гидроэлектр станциясидан иборат Юқори Тўпаланг ГЭСлар каскади қурилиб, йилига 2,24 миллиард кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шунингдек, жорий йил “Тўпаланг” сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига Сурхондарё вилоятининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш лойиҳасида қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилади. 361 километр масофага ётқизилган магистрал қувурлар орқали воҳадаги 495 та маҳалланинг икки миллионга яқин аҳолиси экологик тоза, минералларга бой ичимлик суви билан таъминланади.
Хорижлик ҳамкасбларимиз ҳам алоҳида эътироф этганидек, давлатимиз раҳбарининг бевосита ғоялари билан улкан бунёдкорлик майдонига айланган, “Тўпаланг” дарёси бўйларидаги бу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Катта маблағ, юзлаб қудратли техникалар кучи, минглаб фидойи мутахассис ва ишчиларнинг тинимсиз меҳнати эвазига барпо этилмоқда. Бу ўзгариш ва янгиланишлар мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ғилдираги изчиллик билан олдинга кетаётганини кенг намоён этмоқда. Сурхон тарафларга келаётган меҳмонларнинг ҳавас ҳиссини уйғотиб, воҳа аҳлининг қувонч ва шукроналик туйғусини янада мустаҳкамламоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири