Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жилоланаётган миллий матоларимиз намойиши
15:46 / 2021-12-06

Маълумки, дунёнинг машҳур мода дизайнерлари эътиборига тушган миллий матоларимизнинг қиймати тобора ортиб бормоқда. Айниқса АҚШнинг энг нуфузли Harvard университетининг олими Оскар Гуидо Голдман ҳамда америкалик дизайнер Де Ла Ренталарнинг атлас ва адрасларимизнинг мухлиси бўлиб, умрини мазкур матоларни ўрганишга, тарғиб қилиш ва намуналар йиғишга сарфлаб келаётгани бунга бир мисол бўла олади.

Ўз ўрнида жаҳон кўргазмаларида, халқаро ва маҳаллий подиумлардаги намойишларда жилоланаётган миллий матоларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Марғилон шаҳридаги “Ҳунармандлар маркази”да “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси аъзоси “Gold silk” компанияси томонидан “Ипаклари тиллодан” деб номланган модалар намойиши бўлиб ўтди.

Ҳунарманд, тадбиркор, ижодкорлар, маънавият тарғиботчилари, халқаро ва маҳаллий мода олами вакиллари, санъат намоёндалари, талаба-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этган тадбирда атлас, адрас, беқасам, шойи ва аъло бахмал сингари матолардан тикилган кўркам, ҳушбичим либосларимиз намойиш этилди.  

– Намойишда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси аъзоси “Gold silk” компанияси томонидан намойиш этилган миллий либослар ранглари, фасонлари ва шакллари билан ажралиб турди, – деди Туркиялик дизайнер Меҳмет Алла ўғли. – Бу матолардаги табиий ранглар ҳечқачон нурсизланмайди. Таъкидлаш жоизки, намойиш этилган либосларда миллий ва замонавийлик бирдек уйғунлашгани кўпчилик томошабинларга маъқул бўлди.  

Мазкур модалар намойиши опа-сингилларимиз ўртасида қадриятларимиз ва ўзлигимизни унутмаган ҳолда кийиниш маданиятини тарғиб қилишга хизмат қилади.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА