Пойтахтимизда «Бандлик ва ижтимоий ҳимояни уйғунлаштириш орқали Ўзбекистонда ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш» мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
Унда Сенат Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Бош директори Жильбер Унгбо, вазирлик ва идоралар, ННТ, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар кейинги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, одам савдосига қарши курашиш, ундан жабрланганларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам беришнинг ташкилий, ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, бу борада давлат ва нодавлат ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, мазкур йўналишларда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
Т.Норбоева конференция ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш, аҳоли бандлиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари институтини мустаҳкамлаш, тенгсизлик ва камбағалликни қисқартириш, уларнинг олдини олиш соҳасидаги сиёсатни такомиллаштириш йўлидаги дастлабки қадам эканлигини алоҳида таъкидлади.
Ж.Унгбо Ўзбекистон мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ютуқларга эришганини, бу борада бошқа давлатлар учун намуна бўлганини алоҳида таъкидлади. Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган ва ижтимоий ҳамкорлар томонидан қўллаб-қувватланаётган ислоҳотларнинг кенг қамровли эканига урғу берди.
Қайд этилганидек, юртимизда мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди. Муносиб меҳнат стандартларини жорий этишга киришилди. Натижада ўзбек пахтасига қўйилган бойкот бекор қилинди.
Бундан ташқари, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқий ҳимояси давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Тадбирда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлаш «Ўзбекистон -2030» стратегиясининг ажралмас қисми эканлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг бандликни таъминлаш борасидаги ишларига ҳам эътибор қаратилиб, кейинги йилларда кўрилган чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда ишсизлик даражаси 2020 йилдаги 10,5 фоиздан 2024 йилда 6,8 фоизга тушди.
Камбағаллик даражаси эса 2021 йилдаги 17 фоиздан 2023 йил якунига келиб 11 фоизга тушди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ижтимоий адолат ва муносиб меҳнат тамойилларини жорий қилиш йўлидан дадил бормоқда.
Ўзбекистон томонидан ХМТнинг 144-сонли Конвенцияси ратификация қилингач, 2019 йилда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Иш берувчилар республика Конфедерацияси вакилларидан иборат Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси ташкил этилди.
Анжуман доирасида «Меҳнат меъёрлари ва ҳуқуқларининг бугунги кундаги ҳолати», «Яшил иқтисодга ўтиш учун муносиб меҳнат иш ўринларини молиялаштириш» ва бошқа мавзулардаги панель сессиялар ҳам ўтказилди.
Якунда конференция резолюцияси қабул қилинди.
Н. Абдураимова, ЎзА