Бугун Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўртасида юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова, университет профессор-ўқитувчилари ҳамда Омбудсман институти ходимлари иштирок этди.

Томонлар учрашув давомида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш, юқори малакали юридик кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий-тадқиқот йўналишида шериклик ўрнатиш, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, талабаларда амалий кўникмани шакллантириш, ёшларни Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятига кенг жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

С.Сафоев таълим жараёни ва илмий-тадқиқот ишларига Омбудсман Котибияти мутахассисларини таклиф этиш, соҳага тааллуқли мавзуларда талабалар учун маҳорат дарсларини ташкил этиш, маърузалар уюштириш ғоясини илгари сурди.
Омбудсман Феруза Эшматова 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси қабул қилинган кун муносабати билан университет талабалари билан очиқ мулоқот ўтказишни таклиф қилди.
Шунингдек, самарали ҳамкорликнинг дебочаси сифатида “Омбудсман клуби”ни очишга келишиб олинди. Омбудсман мутахассисларига бириктирган ҳолда, клуб аъзолари мурожаатлар билан ишлаш, қабулларда иштирок этиш, жазони ижро этиш муассасаларида ўтказиладиган мониторингларни кузатиш ишларига жалб этиладиган бўлди.
“Халқаро ҳуқуқ” факультети талабалари “Омбудсман клуби” тузилаётганидан мамнунликларини изҳор этиб, соҳага доир ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.
ЎзА