Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) ҳамда “VIORY” видео ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган онлайн вебинарда ИҲТга аъзо давлатлар ахборот агентликлари ва бошқа оммавий ахборот воситаларидан 200 га яқин раҳбар, журналистлар иштирок этди.
Тадбирни Фаластин давлатидаги расмий ОАВ бош назоратчиси, вазир Аҳмад Ассоф “Фаластин янгиликларини текшириш ва йиғиш муаммоси” мавзусидаги виртуал ўқув курси билан очиб, шаффоф, холис мавзу танлаш жуда муҳимлигига тўхталди. У Ғазо секторига тажовуз оқибатида шу кунгача 120 дан зиёд фаластинлик журналист умри хазон бўлганини таъкидлади.
Фаластинлик вазир журналистлар ишлаётган шароит оғир ва мураккаб эканига эътибор қаратди. Барча халқаро оммавий ахборот воситаларини фаластинлик журналистлар ҳаёти, уйи ва оиласи хавфсиз ҳолатда ишлашига имкон бериш учун ҳаракат қилишга чакирди.
ИҲТ ахборот агентликлари иттифоқи Бош директори вазифасини бажарувчи Муҳаммад бин Абд Раббо Ал-Ямий вебинар тузилманинг журналистлар билан боғлиқ қийинчиликларни ёритишга қаратилган саъй-ҳаракати доирасида ташкил этилганини айтди.
Фаластинлик журналистлар Ғазода касбий бурчини бажараётиб, аянчли шароитда қурбон бўлаётганини қайғу билан тилга олди.
Унинг қўшимча қилишича, ушбу семинар ОАВдаги нохолис маълумотга қарши курашиш, сохта контентни аниқлаш ва тарқатишга қарши курашиш бўйича зарур кўникма бериш йўлидаги саъй-ҳаракат доирасида ташкил қилинган. Иттифоқ томонидан бу борада ОАВ, айниқса, Фаластин масаласида нотўғри маълумот тарқатишига қарши курашиш учун махсус платформа ишга туширилганини таъкидлади.
Фаластин ахборот агентлиги (Wafa) мухбири Сами Абу Салим фаластинлик журналистлар фаолияти давомида дуч келаётган қатор қийинчиликларни санаркан, энг жиддий муаммолардан бири сифатида журналистларнинг муайян ҳудудга жойлаша олмаслигини қайд этди ва шахсан ўзи 7 марта кўчганини мисол келтирди.
Журналист таъкидлашича, “Wafa” агентлиги асосий эътиборни аниқликка қаратади. Қурбонлар ёки шаҳидлар сонини эълон қилишда Фаластин соғлиқни сақлаш тизими бошчилигидаги расмий идоралар томонидан берилган маълумотларга таянади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА