Саудия Aрабистони Подшоҳлиги – Осиёнинг жануби-ғарбида жойлашган давлат. БМТга аъзо бу мамлакат Aрабистон ярим оролининг, тахминан, учдан икки қисмига ва Қизил денгиз ҳамда Форс қўлтиғидаги қатор қирғоқ бўйи оролларига эгалик қилади. Майдони 2,25 миллион км². Aҳолиси салкам 35 миллион. Пойтахти Aр-Риёд шаҳри бўлган ўлка маъмурий жиҳатдан 14 вилоятга бўлинган. Ҳудудининг аксарият қисмини лавали майдонлар, Нефуд, Даҳна, Рубъул холиш номли чўл кенгликлари ташкил этади.
Ислом оламининг муқаддас шаҳарлари – Макка, Мадина ва Жиддага саёҳат ва зиёрат учун келувчилар қадами йил давомида узилмайди.
Бир-биридан узоқ жойлашган эса-да, Ўзбекистон ва Саудия Арабистонини уйғун тарих, муштарак диний-маърифий қадриятлар, мустаҳкам маданий ришталар боғлаб туради. Подшоҳлик давлатимиз мустақиллигини 1991 йил 30 декабрда тан олган. 1992 йил 20 февраль куни икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилган. 1995 йил май ойида Ар-Риёдда Ўзбекистон элчихонаси, 1997 йил мартда Тошкентда Саудия Арабистони элчихонаси фаолият бошлаган. Икки давлат халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида бир-бирини фаол қўллаб-қувватлаб келади.
Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳижоз минтақасида Жидда шаҳри бор. Мазкур тарихий ҳудуд милодий VII асрдан бери Маккага элтувчи Ҳинд океани савдо йўли учун йирик порт ҳисобланади. Каъбатуллоҳни зиёрат қилувчи мусулмонлар учун Макка дарвозаси вазифасини ўтайди.
Яқинда Жиддада Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ахборот агентликлари иттифоқи ва Мусулмонлар жаҳон лигаси ҳамкорлигида “Оммавий ахборот воситаларида нафрат ва зўравонлик тарқалиши авж олишини камайтириш” мавзусида халқаро форум ўтказилди. Дунёнинг 50 дан зиёд давлати ахборот агентликлари вакиллари, ислом оламида машҳур уламолар, вазирлар ва сиёсий экспертлар иштирок этган тадбир дастури очилиш маросими, тўрт асосий сессия ва якуний қисмдан иборат эди.
Анжуманда сўз олганлар бугунги кунда дунёда рўй бераётган воқеаларга, хусусан, Яқин шарқдаги таҳликали вазиятга алоҳида тўхталди.
– Медиа-ахборот соҳаси жамоатчиликни воқеалардан вақтида хабардор қилиш борасида салмоқли потенциалга эгалигини эътироф этган ҳолда, мазкур тармоқда сезиларли бўшлиқлар ҳам сақланиб қолаётганини таъкидлаш лозим, – дейди Эроннинг “ИРНА” ахборот агентлиги Бош директори Али Нодирий ЎзА учун берган махсус интервьюсида. – Асосли таҳлилий материаллар етишмаслиги медиа маконидаги турли шов-шув, сенсация ва фейк хабарлар кўпайишига олиб келади.
Сессиялар муҳокамаси марказига “Халқаро медиада ахлоқий жавобгарлик” мавзуси қўйилиб, диний ва гуманитар масалаларни ёритишда журналистлар, ОАВ вакилларининг ахлоқий жавобгарлиги масаласи таҳлил қилинди. Мутахассислар ҳамкасбларимиз жамият олдидаги масъулиятини чуқур ҳис этган ҳолда, нотўғри маълумот тарқатиш, ҳис-туйғуни бошқара олмаслик амалиётидан қочиши зарурлигига урғу берилди. Мунозарада Жазоир, Мавритания, Эрон, Кувайт, Ироқ, Сомали давлатлари экспертлари қатори Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Халқаро ахборот таҳририяти ходимлари ҳам фаол иштирок этди.
Қизғин мунозарага бой кечган мулоқот давомида халқаро масалаларни ёритишда тарафкашликка йўл қўйилиши, нохолис маълумот берилиши ҳолатлари ўрганилиб, мисол тариқасида Фаластин – Исроил зиддияти билан боғлиқ воқеаларнинг ёритилиши ўртага ташланди. Айрим ОАВ ходимлари масалага бир ёқлама қараши, фактларни бузиб кўрсатиши нафрат туйғусини кучайтиришга хизмат қилиши урғуланди. Шунингдек, муайян воқеани ёритишда фойдаланиладиган нотўғри маълумотлар механизми шакллангани, баъзи ОАВ ахлоқий ва профессионал меъёрни бузаётгани қайд этилди.
– Мазкур форум нафақат ислом олами, балки бошқа дин вакиллари учун ҳам манфаатли, – деди Мусулмонлар жаҳон лигаси Бош котиби маслаҳатчиси Аҳмад Жилон. – Инсонга нисбатан нафрат мафкурасини йўқотиш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, дунёдаги барча инсонларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, имкониятини кенгайтириш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур.
Халқаро анжуман якунида ахборот агентликлари ўртасида ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, бу борада тизимли ишларни йўлга қўйиш кераклиги делегатлар томонидан якдил маъқулланди.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/RMuGpdI4Kcc" title="Жидда форуми: умумий мақсад ва муҳокамалар майдони" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Ўткир Алимов,
Муҳаррама Пирматова (видео),
ЎзА