Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
JICA кўмагида мамлакатимизда 4,7 миллиард долларлик 13 та лойиҳа амалга оширилаяпти
18:09 / 2022-08-30

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг катта вице-президенти Кейитиро Наказава бошчилигидаги делегациясини қабул қилди.

Учрашувнинг асосий мақсади стратегик жиҳатдан муҳим ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Япония томонига сўнгги йилларда JICA Ўзбекистон билан инвестициявий ҳамкорликни изчил ривожлантираётгани ва мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётига қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирилди. Ўзаро ишонч ва мустаҳкам алоқалар туфайли ҳозирги кунда JICA кўмагида мамлакатимизда 4,7 миллиард долларлик 13 та лойиҳа амалга оширилаётгани қайд этилди.

Суҳбат давомида томонлар Ўзбекистон учун қишлоқ хўжалиги соҳасидаги устувор ташаббусларга алоҳида эътибор қаратди. Лойиҳаларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди. Хусусан, "Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири яратишни ривожлантириш (2-босқич)"да 200 миллион доллар кредит маблағи ажратилган. Бу линиянинг биринчи босқичи доирасида эса Ўзбекистонда 300 дан ортиқ лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилгани ва 5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилганлигини таъкидланди.

Музокаралар якунида "Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири яратишни ривожлантириш (2-босқич)" кредит линиясининг иккинчи босқичи доирасида қўшимча 200 миллион доллар ажратиш бўйича айирбошлаш ноталарини ва қарз битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди. 

Ушбу лойиҳа фермер хўжаликлари ва тегишли ташкилотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларининг молиявий барқарорлигини ошириш мақсадида маҳаллий тижорат банкларига кредит линиясини ажратишни назарда тутади. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистонда рақобатбардош мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга имкон беради.

ЎзА