Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) Ўзбекистондаги ваколатхонасининг Кўнгиллилар дастури бўйича координатори Ямагучи Кожи Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида бўлди.
Дастлаб меҳмон университет ректори Бердияр Жоллибеков билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича музокаралар олиб борди. Мулоқот чоғида томонлар қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун тажриба алмашиш имкониятларини кенгайтириш, замонавий билим ва илғор тажрибаларни таълим жараёнига жорий этишда JICA волонтёрларининг ҳиссаси муҳимлигини таъкидлашди. Шунингдек, экология, таълим, ахборот технологиялари ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Университет ректори Бердияр Жоллибеков Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети халқаро ҳамкорликка ҳар доим очиқлигини, хорижий мутахассислар ва волонтёрлар билан ишлаш учун зарур шароитлар мавжудлигини таъкидлаб, JICA билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини билдирди. Ўз навбатида, Ямагучи Кожи жаноблари JICA томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан, Волонтёрлар дастурининг мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот бериб, келгусида Қорақалпоқ давлат университети билан узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдан мамнун эканлигини таъкидлади.
Ушбу учрашув Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, халқаро таълим ва илмий алоқаларни кенгайтириш ҳамда мазкур олий ўқув юртининг фаолиятини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири