Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Женисбек Пиязов – қалби баҳор санъаткор
10:25 / 2024-03-11

Симпозиумлар саройида Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязовнинг ижодий-маърифий кечаси бўлиб ўтди.

Симпозиумлар саройида Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязовнинг ижодий-маърифий кечаси бўлиб ўтди.  

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур мусиқа ва санъат кечасига ижодкор зиёлилар, кенг жамоатчилик, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий дипломатик корпус вакиллари, опера санъати мухлислари, ижодкор ёшлар таклиф этилди.  

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида халқимиз маънавиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган таниқли маданият ва санъат намояндаларининг ижодини кенг оммалаштириш мақсадида улар фаолиятига бағишланган маърифий кечаларни ташкил этиш вазифа этиб белгиланганди. Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йил давомида Маданият вазирлиги томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга асосан Ўзбекистон маданияти ва санъати дарғаларининг ижодий кечалари ташкил этиб келинмоқда.  

Женисбек Пиязов 1988 йил 9 майда Нукус шаҳрида туғилган. 2007 йилда Нукус маданият ва санъат коллежини тамомлаган. Шу йили Женисбек Пиязов “Ёш опера” республика танловида биринчи даражали диплом билан тақдирланиб, Ўзбекистон давлат консерваториясига ўқишга қабул қилинган.  

У 2007 йили баланд овози (бас), юксак ижро маҳорати ва операдаги истеъдоди туфайли “Ниҳол” мукофотига сазовор бўлган. 2009 йили Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрига хонанда сифатида ишга қабул қилинган. 2010 йили Женисбек Пиязов жаҳондаги энг иқтидорли ёш вокалчилар қаторидан жой олган.  

Женисбек Италиянинг Милан шаҳридаги жаҳонга машҳур Ла Скала театри саҳнасида қўшиқ куйлаган (2019 йили) биринчи ўзбекистонлик ҳисобланади.  

Республика санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокидаги концерт дастурида меҳмонлар олқишига сазовор бўлгани учун Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Айни пайтда у Ўзбекистон давлат консерваторияси ўқитувчиси ҳисобланади. 

Женисбек Пиязов 2008-2010 йилларда Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Франция, Испания, Португалия, Германия, Австрия, Хитой, Корея, Малайзия каби дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўтказилган нуфузли халқаро танлов ва фестивалларда иштирок этган. У дунёнинг энг машҳур опера хонандалари билан бирга саҳнада ажойиб операларни ижро этади.  

Ўзбекистон шон-шуҳратини халқаро майдонда ёйиш йўлидаги фидокорона хизматлари учун Женисбек Пиязов Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист (2012 йил), Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист (2014 йил), Ўзбекистон халқ артисти (2021 йил) унвонлари билан тақдирланган.  

– Президентимиз ғояси билан шундай ажойиб маданий тадбирлар ўтказилмоқда, – деди Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси, санъат арбоби Рустам Абдуллаев. – Бугун мусиқачилар санъатнинг барча йўналишларида фаол ижод қилмоқда. Женисбек қисқа вақт ичида ўз ижодини муносиб кўрсата олди. У истеъдодли бўлиши билан бирга жуда меҳнаткаш, ўз устида тинимсиз изланади ва энг асосийси жуда камтар ижодкордир. Жаҳонга ўзбек композиторларининг асарларини муносиб тарзда тақдим этишга фаол ҳисса қўшиб келмоқда. Яқинда Женисбек ўзи академия очиб, ёшларга опера сирларини ўргатмоқда.  

– Женисбек камтар, самимий, ҳазилкаш, шу билан бирга, ўз касбига ўта масъулиятли, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Галина Муҳамедова. – Уни 2007 йилдан бери танийман. Женисбек 2007 йилда республика танловида ғолиб бўлиб, Ўзбекистон давлат консерваториясига имтиёзли тарзда ўқишга кирганди. Кейинчалик Италияга бориб ўқиди. Женисбек ўзбек-итальян алоқаларини мустаҳкамлашга ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.  

– Женисбек улкан қалб соҳиби, ғурури баланд ижодкор, – деди Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков. – Женисбекка ҳам хориждан кўплаб таклифлар бўлган. Лекин у ўзистеъдодини Ўзбекистонга бағишлаган санъаткордир. Женисбек умрини санъатга фидо қилган ижодкорлар оиласининг фарзанди. У ҳақиқий маънода қалби баҳор инсон. Тинимсиз меҳнат қилади, изланади, ишлайди. Янги ғояларни тинимсиз ўртага ташлайди. Женисбек ўзбек тўйларида операни ижро этаётган илк санъаткорлардан. Демакки, опера ҳам ўзбек халқининг қалбига кириб бормоқда.  

– Ўзбекистонда овози яхши хонандалар жуда кўп, – деди Женисбекнинг устози, Нукусдан келган Абатбай Каллиев. – Лекин Женисбек устозларининг гапини сира икки қилмаган инсон. Унга шогирд эмас, ўз фарзандимдек қарайман. Гарчи истеъдоди юксак бўлсада, унга одамгарчилиги бутун ижодкор сифатида ихлосим жуда баланд.  

Концерт ҳақиқий маънода жуда завқли, самимий, илиқ ва баланд руҳда ўтди. Таниқли дирижёр Алибек Кабдураҳманов бошчилигида Ўзбекистон миллий симфоник оркестри концертга ўзгача руҳ бағишлади. Унда ўзбек, қорақалпоқ ва жаҳон композиторлари асарларидан энг сара намуналар ижро этилди.  

– Устозларим қандай ҳолатда бўлсанг ҳам халқ олдида ўз санъатингни тақдим этишдан чарчама, дейишарди, – деди Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов. – Озгина шамоллаганимга қарамай, бу дастурни мухлисларимизга тақдим этдим. Буни томошабинларимиз сезишмади, деб умид қиламан. Азиз халқимиз учун ана шундай концертларни ҳар қанча ташкил этсак арзийди!  

Ижодий-маърифий кечада Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов иштирок этди.  

 

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири