Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Женевада ўзбек тўқимачилик саноатининг имкониятлари намойиш қилинди
17:29 / 2023-04-20

Жорий йилнинг 18-19 апрель кунлари Швейцариянинг Женева шаҳрида БМТ Европа иқтисодий комиссияси (UNECE)нинг 70-сессияси бўлиб ўтди.

Унда 46 дан ортиқ давлатнинг вазирлари ва дипломатик корпус вакиллари ҳамда 45 та халқаро ташкилот раҳбарлари иштирок этди.  

Ушбу сессияда Ўзбекистон иш берувчилар конфедерацияси ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров «Ишонч ва шаффофликни ошириш – Ўзбекистон тўқимачилик саноатида «яшил» трансформацияни қўллаб-қувватлашда рақамли воситалардан фойдаланиш» мавзусида тақдимот қилди.  

Шаффофлик ва кузатувчанликнинг муҳим омили бўлган рақамли трансформация кийим-кечаклар қаерда, қандай ва ким томонидан ишлаб чиқарилишини аниқлашга ёрдам бериши таъкидланди.  

– Амалда бундай кузатувчанлик бўйича тадбирлар Ўзбекистонда UNECEнинг “The Sustainability Pledge”, стандартлаштириш органи “Better Cotton” ва маҳаллий компаниялар, жумладан, фермерлар, пахта тозалаш ва йигирув фабрикалари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Пилот лойиҳалар Ўзбекистондаги учта тўқимачилик кластерида занжирни пахтадан йигириш босқичигача кузатиш мумкин бўлган блокчейн муҳитида UNECE методологиясидан фойдаланади. Рақамли ечим нафақат халқаро ESG мезонларига жавоб берадиган экологик ва ижтимоий талабларни тасдиқлайди, балки Ўзбекистонда пахта етиштириш “Better Cotton” стандартларига жавоб беришини исботлашга ёрдам беради. Лойиҳанинг иккинчи босқичи ип-калавадан тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнга тизимни жорий этиш бўлади, – деди И.Ҳайдаров.  

Шунингдек, сессия доирасида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ҳамда UNECE раҳбарияти ўртасида ўтказилган учрашувда саноатни рақамлаштириш ва «яшил» энергияни жорий этиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.  

Учрашув чоғида мезбон томон «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раҳбариятига бутун ишлаб чиқариш циклини кузатиш имконини берувчи блокчейн тизимини жорий этиш бўйича UNECEнинг пилот лойиҳасини амалга оширишда ёрдам бергани учун миннатдорлик билдирди.  

UNECE департаменти директори Элизабет Тюркнинг айтишича, ўтган давр Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаб, бутун дунёга очилаётганини кўрсатди.  

Учрашув якунида UNECE техник кўмак дастури доирасида саноатни рақамлаштириш бўйича лойиҳаларни қисман молиялаштиришга тайёрлиги ва халқаро стандартларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан қўллаб-қувватлашда давом этиши билдирилди. Шунингдек, хорижий томон уюшманинг Тошкент тўқимачилик ҳафталигида иштирок этиш таклифини қабул қилди.  

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА