Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“ЖЧ–2026”: Миллий терма жамоалар қанча даромад қилиши маълум бўлди
12:29 / 2025-12-18

2026 йилнинг 11 июнидан 19 июль санасига қадар АҚШ, Канада ва Мексика давлатлари футбол бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Қайд этилишича, тарихда илк бор 48 та миллий терма жамоа иштирок этадиган мундиалда жамоалар 4 тадан 12 та гуруҳга бўлинган ҳолда баҳс олиб боради.

Навбатдаги футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг мукофот жамғармасига ҳам ойдинлик киритилди. ФИФА Кенгаши томонидан “ЖЧ–2026” учун жами 727 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши тасдиқланди. Бу кўрсаткич Қатарда ўтган “ЖЧ–2022” мусобақасига нисбатан қарийб 50 фоизга кўп.

Маълум қилинишича, ажратилган маблағлар миллий футбол ассоциациялари ўртасида тақсимланади. Шундан 655 миллион АҚШ доллари бевосита мусобақанинг мукофот жамғармаси сифатида иштирокчи жамоаларга йўналтирилади.

Аниқ рақамларга кўра, “ЖЧ–2026” ғолиби 50 миллион АҚШ доллари, мусобақа вице-чемпиони 33 миллион, учинчи ўрин соҳиби эса 29 миллион АҚШ доллари билан тақдирланади. Тўртинчи ўринни эгаллаган жамоа 27 миллион доллар мукофот пулига сазовор бўлади.

Шунингдек, чорак финалга чиққан терма жамоалар 19 миллион, 1/8 финал иштирокчилари 15 миллион, 1/16 финалга чиққан жамоалар 11 миллион АҚШ долларидан қўлга киритади. Гуруҳ босқичида мусобақани якунлаган ҳар бир жамоа эса 9 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофот пули олади.

Бундан ташқари, ҳар бир иштирокчи терма жамоага мусобақага тайёргарлик кўриш харажатлари учун қўшимча равишда 1,5 миллион АҚШ доллари ажратилади. Шу тариқа, Жаҳон чемпионатида иштирок этган ҳар бир миллий терма жамоа камида 10,5 миллион АҚШ доллари даромад қилади.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА