Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“ЖЧ-2026”: Футболчиларимиз ўйнайдиган стадионлар ҳақида биласизми?
12:09 / 2025-12-11

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилнинг 11 июнидан 19 июлига қадар ўтказиладиган Жаҳон чемпионатида иштирок этиши ва мундиалнинг “K” гуруҳидан ўрин олганидан хабарингиз бор, албатта.

Шу ўринда Фабио Каннаваро бошчилигидаги терма жамоамиз гуруҳ учрашувларини ўтказадиган стадионлар ҳақида айрим маълумотларни эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.

Демак, 18 июнь куни мамлакатимиз вақти билан соат 07:00да Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ босқичидаги илк ўйинини Колумбия термасига қарши Мексиканинг Мехико шаҳрида жойлашган “Ацтека” стадионида ўтказади.

Ушбу стадион ўз бағрига 87 минг нафар томошабинни сиғдира олади. Ўйингоҳ 1966 йилда қурилган ва 2016 йилда тўлиқ реконструкция қилинган бўлиб, 1970 ва 1986 йилги Жаҳон чемпионати финалларига мезбонлик қилган. Қизиқ жиҳати шундаки, мазкур стадионда футбол афсонаси Марадонанинг ўша машҳур қўл билан урган голи киритилган. Стадион тарихий аҳамияти билан дунё футболида эътироф этилган.

Футболчиларимиз иккинчи тур учрашувида 23 июнь куни соат 22:00да АҚШнинг Хьюстон шаҳридаги "NRG" стадионида Португалия билан рақобатлашади. Мазкур ўйингоҳ 2002 йил қад ростлаган бўлиб, сиғими 70 минг томошабинга мўлжалланган. Стадион “NFL”, Конференция финаллари ва бошқа халқаро футбол мусобақаларига мезбонлик қилган. Ўйингоҳнинг қулайликлари ҳам ўзгача бўлиб, унда автоматик очиладиган том ва замонавий энергия тежовчи технологиялар, томошабинлар учун рақамли хизматлар, тезкор кириш-чиқиш тизими ва замонавий фойе мавжуд.

Аталантадаги “Mercedes-Benz Stadium” ўйингоҳида Ўзбекистон терма жамоаси плей-оффда ғолиб бўлган (Ямайка, Янги Каледония, Конго ДР) термага қарши учинчи тур ўйинини ўтказади.

“Mercedes-Benz Stadium” стадиони ҳақида тўхталадиган бўлсак, унга жами 71 минг нафар мухлис сиғади. 2017 йилда фойдаланишга топширилган ушбу стадионнинг ярим ёпиқ замонавий томи иқлим шароитига қараб автоматик равишда очилиб ёпилади. Мажмуада томошабинлар учун кенг фойе, VIP хоналар ва замонавий медиа марказлари мавжуд. Ўйингоҳдан асосан “NFL” ва “MLS” мусобақаларида фойдаланилади, шунингдек халқаро мусобақалар учун ҳам мўлжалланган. Арена шаҳарнинг марказида жойлашгани боис томошабинлар ва журналистлар учун қулай логистикага эга.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА