Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазирлиги тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатларининг ижросини ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш соҳасида халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этишга қаратилган бир қатор қонун хужжатлари қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар асосида Ички ишлар вазирлиги тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг ҳуқуқий ҳолати белгиланган бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар қабул қилинди.
Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ислоҳотларни статистик маълумотлар билан изоҳлаш ва мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнининг аниқ ифода этилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 майдаги тегишли қарорига мувофиқ махфий ҳисобланган айрим маълумотлар очиқ маълумотлар рўйхатига киритилди. Қатор ислоҳотлар натижасида ижтимоий хавфи ҳамда унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этиб, жазо муддатини ўтаётган шахсларга илк маротаба сайлаш ҳуқуқи берилди. Умумий, қаттиқ, махсус, турма тартибли ва тарбия муассасаларида сақланаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан телефон сўзлашувлари, учрашувлари ҳамда жўнатма қабул қилишлари сони қарийб икки баробар кўпайтирилди.
Шунингдек, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг розилиги билан уларга психологик ёрдам кўрсатилиши ҳамда руҳий ҳолати бузилган вақтда содир этилган тартиббузарлиги учун интизомий жазо чоралари қўлланилмаслиги кафолатланди. Манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётганларнинг пенсия олиш ҳуқуқлари қонун билан белгиланди. Жиноят-ижроия кодексига жазо муддатини ўтаётган шахсларни рағбатлантириш чораларини қўллаш тартибини белгиловчи янги норма киритилиб, маҳкумларнинг жазо муддатини ўташ давомида шахсий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кенгайтирилди.
Шунингдек, маҳкумларнинг илтимосига кўра, узоқ муддатли учрашув қисқа муддатли учрашувга ёки масофали видео-учрашувга ёхуд телефон орқали сўзлашувга, қисқа муддатли учрашув эса масофали видео-учрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга алмаштирилиши йўлга қўйилди. Жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг олис масофадан келувчи яқин қариндошлари оворагарчилигига барҳам бериш мақсадида масофали учрашув хоналари тайёрланди.
Энг муҳими, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га жазони ижро этиш колонияларига ҳеч қандай монеликсиз кириш ҳуқуқи берилди. Жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиш ва ижобий ҳал қилиш мақсадида Жазони ижро этиш департаменти раҳбарияти томонидан сайёр қабуллар ўтказилиши йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, жазони ижро этиш муассасаларида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га, прокурорга мурожаатлари, ариза ҳамда шикоятлари учун мўлжалланган алоҳида почта қутилари ўрнатилган. Қонунларга риоя этилиши прокуратура идоралари ва Омбудсман томонидан мунтазам равишда мониторинг қилиб борилмоқда.
Йиғилишда жазони ижро этиш муассасаларида шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олиш бўйича самарали механизмлар жорий қилиш борасидаги ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, мамлакатимизда мавжуд бўлган 54 та жазони ижро этиш колонияларидан 18 таси ёпиқ турдаги, 25 таси манзил колония ва 11 таси тергов ҳибсхонларидир. Жазони ижро этиш тизимида 29 мингдан ортиқ, шундан 7 мингдан ортиғи манзил колонияда, 22 мингдан ортиқ маҳкумлар бошқа турдаги колонияларда жазо муддатини ўтамоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) томонидан 2020 йил ва 2021 йилнинг 1-чорак давомида жазони ижро этиш муассасаларида ўтказилган мониторинг тадбирлари натижалари, маҳкумлардан келиб тушган мурожаатлар, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан жазони ижро этиш муассасаларида ўтказилган назорат тадбирлари ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоларининг жойлардаги ўрганишлари натижалари ва таҳлилий маълумотлар муҳокама қилинди.Соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликлар, унинг келиб чиқиш сабаблари, хатоликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар танқидий кўриб чиқилган ҳолда, қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича муҳим таклифлар билдирилди.
Муҳокамалар якунида жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш, жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашда қўмита ва мутасадди ташкилотлар олдида турган вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА