Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган шахсларга кўмаклашилмоқда
11:19 / 2023-07-26

Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан жазо муддатини ўтаб, доимий яшаш жойига қайтиб келган шахсларга белгиланган тартиблар доирасида ёрдам кўрсатилмоқда.

– Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида Андижон шаҳар ИИБ томонидан профилактик ҳисобга олинган 176 нафар шахс ёрдам сўраб, марказимизга мурожаат қилган, – дейди марказнинг етакчи мутахассиси Мухтасархон Зулунова. – Уларга Халқ банки шаҳар бўлими орқали жами 305 миллион 790 минг сўм миқдорда бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.  

Мурожаат қилганларнинг барчасига тиббий кўрикдан ўтиши учун тиббиёт муассасаларига йўлланма берилди. Тиббий кўрик давомида турли касалликлари борлиги аниқланганлар даволанишга йўналтирилди. Тиббий кўрикда соғлом деб топилган, меҳнатга лаёқатли  170 нафар шахс эса Андижон шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази орқали доимий ва мавсумий ишларга жойлаштирилди.  

Бундан ташқари, паспорти йўқолган ёки  амал қилиш муддати ўтиб кетган 35 нафар шахсга белгиланган тартибда ҳужжат олиши учун ички ишлар бошқармаси Паспорт бўлимига йўлланма берилди. Шунингдек, 4 нафар шахсга шахсий ҳужжатларини тиклаб олиш учун йўлланма берилди ҳамда энг кам иш ҳақини базавий ҳисоблаш бўйича олти баробар миқдорида ёрдам пули берилди. 4 нафар шахсга биометрик паспорт ва ID карта олишига кўмаклашилди.  

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтаётган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига асосан, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган 4 нафар шахс моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Уларга ёрдам пули берилди, шунингдек, тиббий кўрикдан ўтказилиб, Андижон шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази орқали ишга жойлашишларига кўмаклашилди.  

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларни ижтимоий-маиший жиҳатдан ҳимоя қилиш, уларнинг ишга жойлашишларига кўмаклашиш бўйича Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги махсус комиссия томонидан мунтазам равишда йиғилиш ўтказилмоқда. Тақдим этилган ҳужжатларга асосан, моддий ёрдам пуллари бериш ва бошқа ёрдам кўрсатиш юзасидан тегишли тавсиялар бериб бориляпти.  

 

Ф. Убайдуллаев,  

ЎзА