Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ҳамда ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ўртасида меморандум имзоланди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 февралдаги «Ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида жорий йилги баҳорги пилла етиштириш мавсумидан бошлаб, тажриба тариқасида пиллачилик кластерлари ҳамда Бўка ва Оҳангарон туманларида жойлашган манзил-колония типидаги жазони ижро этиш муассасалари ўртасида пилла хомашёсини етиштириш юзасидан шартномалар тузиш кўзда тутилган.
Шунга кўра, меморандум доирасида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни қўлда ипак ва жун гилам ҳамда ипак мато тўқиш йўналиши бўйича касб-ҳунарга тайёрлаш ва уларга шартнома асосида дастгоҳлар етказиб бериш режалаштирилган.
Шунингдек, пиллачилик корхоналари ва жазони ижро этиш колониялари ўртасида пилла етиштиришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА