Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жазони ижро этиш департаментига қарашли муассасаларнинг бино ва иншоотларидан самарали фойдаланиш тизими йўлга қўйилади
10:09 / 2024-07-01

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ва унинг тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг бино ва иншоотларидан самарали фойдаланиш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Жазони ижро этиш муассасаларининг алоҳида хусусиятини инобатга олган ҳолда, уларнинг мулки, бино ва иншоотларидан самарали фойдаланиш, инсон омилини истисно этадиган замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг маиший шароитларини яхшилаш мақсадида:

а) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ва унинг тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг мулки, бино ва иншоотларини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом:

б) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларига Face-ID идентификация тизими мавжуд бўлган инфокиоскларни ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳукумат қарорига кўра энди жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар, шу жумладан, уларнинг қариндошлари томонидан қонун билан тақиқланмаган буюмларни эркин бозор механизмларига асосланган электрон дўконлар орқали сотиб олиш имконияти яратилади. Бунинг учун Face-ID идентификация тизими мавжуд бўлган инфокиоскларни жазони ижро этиш муассасаларига ўрнатиш истагини билдирган инвесторларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда рухсат берилади.

Жазони ижро этиш муассасаларининг мулки, бино ва иншоотларини ижарага беришдан тушадиган маблағларнинг мазкур ташкилотларга тақсимланган қисми жазони ижро этиш муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш, бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ҳамда жорий таъмирлаш, жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг маиший шароитларини яхшилашга йўналтирилади.

Қонунчиликка мувофиқ жазони ижро этиш муассасалари ҳудудида сотиладиган товарларнинг энг юқори чегараланган нархи ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан келишилган ҳолда бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгиланади.

ЎзА