Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жазоир элчиси билан учрашув
18:04 / 2022-11-07

2022 йил 7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Жазоир Халқ Демократик Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Бумедиан Геннадни қабул қилди.

Элчининг ишонч ёрлиғи нусхаларини қабул қилар экан, вазир уни лавозимга тайинлангани билан табриклаб, дипломатик миссияни амалга оширишда муваффақиятлар тилади. Б.Геннад Жазоир томони Янги Ўзбекистон билан барча йўналишларда алоқаларни мустаҳкамлашга тайёрлигини таъкидлади. 

Мамлакатимизнинг замонавий тараққиёти, олиб борилаётган тизимли ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ҳамда эришилган ютуқларга юқори баҳо берилди. Учрашув давомида Ўзбекистон – Жазоир сиёсий мулоқотини жадаллаштириш, шу жумладан, ўзаро ташрифларни ташкил этиш, маслаҳатлашувлар ўтказиш, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, халқаро институтлар доирасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. 

[gallery-9468]

Савдо-иқтисодий соҳада мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқариш бўйича биргаликда чора-тадбирлар кўриш тўғрисида келишувга эришилди. Жумладан, Ўзбекистонда автомобиль ва нефть-газ саноати, АКТ, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда Жазоир компанияларининг иштироки тўғрисида фикр алмашилди. 

Икки мамлакат савдо-саноат палаталари ва бизнес субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўзаро савдо уйларини очиш масаласини кўриб чиқиш муҳимлиги қайд этилди. Жазоирдан Ўзбекистонга, хусусан, дунёга машҳур тарихий Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига сайёҳлик оқимини ошириш учун имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Музокараларда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг қатор масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА мухбири