Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқарма қидирув шўбаси ходимлари томонидан қарздор шахсларнинг манзилини аниқлаш ва қидириб топиш бўйича олиб бораётган тезкор тадбирлари давом этмоқда.
Жорий йилнинг 4 май куни Янгийўл туманида 3 миллиондан 20 миллионгача алиментдан қарзи бўлган жисмоний шахсларни аниқлаб топиш юзасидан олиб борилган тезкор тадбир давомида 13 нафар шахс ушланди. Уларнинг 2 нафарига нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилди. Қолганларидан қарздорликларни ундириш чоралари кўрилди.

Жумладан, қидирувдаги қарздор Ф.Роҳатовнинг ундирувчи М. Роҳатова фойдасига 2 нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун 50 миллион сўм қарздорлиги бўлган. Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирда ушбу қарздор ушланиб маъмурий жазо қўллаш мақсадида судга ҳужжатлари чиқарилган ва унга нисбатан қонунда белгиланган тартибда 15 сутка қамоқ жазоси белгиланган.

Фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судининг ижро варақасига асосан алимент қарзларини қасддан тўламай қочиб юрган қарздор Р.Холмуҳамедов ҳам Янгийўл тумани ҳудудидан қидириб топилди. Жазодан қўрққан фуқаро воқеа жойида 5 миллион сўм алимент пулларини тўлаб берган.
Бу каби тезкор тадбирлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилмоқда.
М.Қосимова, ЎзА