Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жазо муддатини ўтаб чиққан аёл тадбиркорлик фаолиятини бошлади
20:07 / 2021-05-26

Гулбаҳор Юлчибоевани темир панжара ортига киришга мажбур қилган муаммо бу тўй-хашамлару маъракалардан кейинги қарз балоси.

Пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги туман номи билан аталувчи маҳаллада истиқомат қилувчи ушбу аёлнинг икки ўғил, бир қизи бор. Қўйлиқ бозорида савдо-сотиқ қилиб, рўзғорини тебратиб юрганди. Қизини турмушга узатиб, ўғлини уйлантирган йили қайнонаси ҳам оламдан ўтиб қолди. Ҳам тўй, ҳам маъракаларга кетадиган маблағни топаман, деб қарзга ботди. Бозордан тушган савдо пулларига қаноат қилмай, водий орқали Қирғизистон Республикасига қатнаб, у ердан маҳсулот олиб келиб сота бошлади.

Қирғизистонга бир ўзи бориб-келиб юрганида бинойидек савдо қилиб, тирикчилигини ўтказиб юрганди. Пулга ўчлиги ва ақл билан иш қилмаслиги сабаб, ўзига шерик қилиб олган аёлнинг наркотик олиб ўтиш ҳақидаги таклифини қабул қилди.

– Юзта диск олиб ўтсанг, 100 доллар ҳам топмас экансан, қорадорининг 50 граммини чўнтагингга солиб ўтсанг яхшигина пул ишлаб оласан, қарзларингдан ҳам қутуласан, – деди бизнесдаги шериги.

Бир-икки марта бу ишни қилиб кўрган аёл пулнинг мазасига тушуниб қолади ва наркотикдан ўзим фойдаланмасам, ахир бу бошқалар учунку, деган ўй билан шу ишни давом эттира бошлайди. 2014 йил Водил қишлоғидаги чегара постидан ўтаётган вақтида наркотик модда билан қўлга тушади ва 12 йилга озодликдан маҳрум этилади. Аёлнинг қилмишига пушаймонлиги ҳисобга олиниб, суд залининг ўзида 5 йилу 3 ойи олиб ташланади.

Зангиота туманидаги жазони ўташ муассасасида 6 йилу 9 ой муддатини ўтагач, 2021 йилнинг 2 март куни озодликка чиқади.

Муассасадан қайтгач, ўғлининг оиласи бузилгани, хўжайини бошқа аёлга уйланиб кетганини тушунади ва бошини қайси тошга уришини билмайди. Озодликка чиққач яқинларимнинг кўмаги билан яна ўзимни қўлга оламан, деб ўйлаган аёл адашганини билгач, тушкунликка тушиб қолади. Шундай кезларда маҳалла фаоллари, ҳокимлик жонига оро киради. Тиббий кўрикдан ўтказилгач, ҳокимият томонидан унга 1 миллион сўм ёрдам ажратилди.

– Муассасадан чиққанимдан сўнг ҳокимиятга бордим, ҳаётдан тамоман узилган, тушкун ҳолатда эдим, – дейди Гулбаҳор опа. – У ерда мени кутиб олган маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мутахассиси аҳволимни кўриб, жуда кўп маротаба тушунтириш ишларини олиб борди. Ҳозир Президентимиз томонидан мен каби адашган хотин-қизларнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартиришига эътибор қаратилаётгани, ҳатто тадбиркорлик фаолиятимни бошлашим мумкинлигини айтиб, йўл-йўриқлар кўрсатгач, қалбимда умид пайдо бўлди.

Гулбаҳор опанинг тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги борлигини билган раҳбарлар туман «Халқ банки» орқали 30 миллион сўмлик техника воситалари, яъни музлаткич, хамир қиладиган аппарат ва ун билан таъминланишида кўмак берди. У икки ўғли ёрдамида лағмон, сомса, қатламаларнинг хамирларини тайёрлаб, дўконларга ўтказа бошлади. Кенжатой ўғли билан маҳсулотни тайёрлаб, қадоқлаш ҳолатига келтириб беради, катта ўғли уларни дўконларга тарқатиш билан шуғулланади.

Буюртмалар кўпайиб кетган пайтда кунбай ишлашни хоҳловчи қўшнилардан ёрдам олади. Ҳозир Гулбаҳор опа тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириб, маҳалладаги хотин-қизлардан 3-4 нафарини иш билан таъминлаш ниятида.

Ҳаёт сўқмоқларида кимдир адашмай, йиқилмай ўтса, кимдир туртиниб ўтадиган тошлар бор. Ўзида куч ва ирода топа олмаган одамлар янглиш йўлни танлайди. Аммо ҳаётнинг бағри кенг. У ҳар қандай одамга ўз хатоларини тузатишга имкон беради. Муҳими, имкониятлардан тўғри, ўз ўрнида фойдаланилса бас.

 Нигора Раҳмонова,  ЎзА