Европа шаҳарларида ҳарорат энг юқори даражага кўтарилди. Мутахассислар ёз давомида бундай ҳолат яна кузатилишини айтиб, эҳтиёт чорасини кўришга чақирмоқда. Ўтган ҳафта Лондонда энг иссиқ кунлардан бири сифатида 36 даража қайд этилди. Намлик юқори минтақалар учун бу рақам ўта хавфли ҳисобланади. Лондон боғларидаги дарахтларнинг одатда ям-яшил турадиган барглари жигарранг тусга кирган. Иссиқ тўлқин Лутон аэропортидаги учиш-қўниш йўлагини эритиб юборди. Бу ҳафта янада иссиқ келиши кутиляпти: баъзи жойларда ҳаво 41 даражагача қизиши башорат қилинмоқда. Айни кўрсаткич Буюк Британия учун фавқулодда ҳолат ҳисобланади. Мутахассислар аҳолини эҳтиёт бўлиш, мутасадди ташкилотларни шошилинч чоралар кўришга чақирмоқда.
– Вазиятга қандай мослашиш ҳақида жиддий ўйлашимиз керак, чунки энди бундай ҳолат тез-тез содир бўлади, – дейди Кембриж университети Иқлим тадқиқоти маркази директори Аннела Ангер-Краави. – Кўриб турганимиздек, кетма-кет беш кун охирги ўн йилликдаги энг юқори ҳарорат кузатилди. Энди бундай ҳодисалар янада кўпроқ рўй бериши эҳтимоли юқори. Бунга мослашшишимиз керак,
Франция шимолидаги кўчалар бўм-бўш. Ҳарорат энг юқори даражага кўтарилган. Кучли жазирама кўпчиликни уйда қолишга мажбур қилган. Ташқарига чиқишга журъат этганлар эса турли йўллар билан ўзларини салқинлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
– Бу глобал исиш натижаси, – дейди маҳаллий аҳоли вакили. – Одатда шаҳар намлиги 70 фоиз. Иқлим ўзгариши сабабини аниқлаш учун ўзимизга ҳам жиддий саволлар бериб кўришимиз керак.
Мутахассислар фикрича, Европанинг салмоқли қисмини қамраб олган жазирама иссиқ ҳаво тўлқини яна бир неча кун сақланиб қолиши мумкин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/nGih_M6r374?si=KsHRyW24Q32vnvpC" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, ЎзА