1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ташаббуси билан вилоят мусиқали драма театрида ходимларнинг фарзандлари учун маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
“Очиқ эшиклар куни” доирасида ташкил этилган мазкур тадбир давомида “Фарзандларимизга китоб совға қилайлик!” шиори остида китоблар ярмаркаси ўтказилди. Ярмаркада иштирок этган ота-оналар ва болалар ўзбек ва жаҳон адабиётига оид асарлар, болалар адабиёти ҳамда турли жанрлардаги китоблар билан танишиб, уларни харид қилиш имкониятига эга бўлишди.

Шунингдек, театр жамоаси томонидан болажонлар учун тайёрланган “Антиқа шолғом” номли саҳна асари намойиш этилди. Томоша якунида 150 нафар болага байрам совғалари улашилди. Бу эса жажжи болажонларга кўтаринки кайфият ва ҳақиқий қувонч улашди.

– Бундай ташаббуслар фарзандларимизнинг дунёқарашини маънан бойитиш, уларда китобга бўлган муҳаббатни уйғотиш ва байрамона кайфият яратишда муҳим аҳамият касб этади. Бугун қизимнинг кўзларидаги шодликни кўриб, ростдан ҳам хурсанд бўлдим, – дейди Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш шўъбаси бошлиғи Аҳрор Исматуллаев.

Дарҳақиқат, соғлом ва маънан баркамол авлодни тарбиялаш – бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Болаларнинг хурсандчилиги ва уларнинг ёрқин келажакка бўлган ишончи жамият тараққиётининг асосий мезони ҳисобланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири