Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Жайҳун – 2025” махсус-тактик қўшма ўқуви якунланди
16:41 / 2025-11-28

Сурхондарё вилоятидаги Ўзбекистон, Тожикистон ва Афғонистон чегара ҳудудлари кесишган нуқтада ташкил этилган “Жайҳун – 2025”­­ махсус -тактик қўшма ўқуви ўзбек-тожик чегарачиларининг ҳамкорликдаги амалий ҳаракатлари билан бошланди.

Ўқув режасига кўра, шартли душманнинг қуролли босқини аниқлангач огоҳлантирувчи махсус сигнал берилди ва икки давлат чегарачилари ўзаро маълумот алмашиб, ҳамкорликда хавфни бартараф этиш чораларини кўришга киришди. Жанговар шайликка келтирилган бўлинмалар шартли душман жойлашган ҳудудни қуршаб олиб, уларнинг ичкарига ёриб киришларини олдини олиш бўйича тўсиқ ҳаракатларини амалга оширди. Учувчисиз учиш аппаратлари орқали ҳаво разведкаси олиб борилиб, шартли душманнинг ҳаракатлари тўлиқ назорат остига олинди. 

Шартли душманни зарарсизлантириш ва ҳудудга қулай ўрнашиб олишига йўл қўймаслик мақсадида жанг майдонига зирҳли ва енгил зирҳланган техникалар жалб этилиб, тактик жиҳатдан қулай марралар эгалланди. Таъкидлаш жоизки, махсус-тактик қўшма ўқувларнинг барча жанговар ҳаракатлари ҳамкорликдаги қўмондонлик пунктида масъуллар томонидан мониторлар орқали реал вақт режимида кузатиб борилди. 

Ўқув машғулоти давомида ҳамкорлик режаларига асосан, куч тузилмаларининг бўлинмалари ҳам ҳаракатга келтирилиб, жанговар вертолётлар               ва навбати билан бугунги замонавий жангларда қўлланилаётган учувчисиз учиш аппаратлари бўлинмаларни ҳаводан қўллаб-қувватлаган ҳолда, шартли душман аниқланган нуқталарга авиазарбалар берилди. Шундан сўнг, шартли душманнинг ортга чекинаётган кучлари аввалдан ўз позицияларини эгаллаган жанговар катерлар ҳамда жанговар қуроллар орқали ўққа тутилди. 

Ўзбек ва тожик чегарачилари томонидан ҳамкорликда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида шартли душман батамом йўқ қилинди. Эътиборлиси, ушбу махсус тактик ўқув машғулотларида Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган қуруқликда, сувда ва ҳавода ҳаракатланувчи енгил зирҳли техникалар, катерлар ҳамда учувчисиз учиш аппаратлари имкониятларидан кенг фойдаланилди.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони ташаббуси билан бугунги кунда Марказий Осиё республикалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бормоқда. Хусусан, қўшни тожикистонлик чегарачилар билан ўтказилган махсус-тактик ўқув машғулотимиздан кўзланган асосий мақсад ҳам, ўзаро бирдамликни ошириш ва давлат чегарасида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатар ва таҳдидларни биргаликда бартараф этишдан иборат, – дейди ўқув машғулоти қатнашчиси капитан Ҳусниддин Ҳакимов.

[gallery-26466]     

Махсус-тактик қўшма ўқувлари якуни бўйича ўтказилган тадбирда, икки давлат чегарачиларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари юқори баҳоланиб, иштирокчилар муносиб  рағбатлантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари Ашула ва рақс ансамбли томонидан кўчма мобиль маданият марказида намойиш этилган концерт дастури ҳам барчага кўтаринки кайфият улашди.

Албатта, ўтказилаётган бу каби ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари икки давлат чегарачиларининг келгусида ҳар қандай таҳдидларга қарши биргаликда тура олиш имкониятларини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.    

Майор Фарида Бобожонова

    ДХХ Чегара қўшинлари