Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ёзувчи Обиддин Маҳмудовнинг “Жавоҳирнома” асари тақдимоти бўлиб ўтди.
Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо миллий адабиётимизга кўрсатилаётган эътибор замирида бадиий баркамол асарлар яратишдек эзгу мақсад мужассам эканини таъкидлади.
Тақдимот тадбири аввалида асарнинг кириш қисмидан тайёрланган видеоролик намойиш этилди.
Обиддин Маҳмудовнинг "Жавоҳирнома" асари етти рисоладан иборат бўлиб, у Саёҳатнома, Нафосатнома, Ибратнома, Тилсимнома, Маърифатнома, Камолотнома, Латофатнома каби қисмларни ўз ичига олади.
Тадбирда етти рисоланинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратилди.
Шайх Aбдулазиз Мансур, уюшма аъзоси Сайфиддин Сайфуллоҳ ва бошқалар мазкур асар мазмуни ҳақида батафсил сўзлади.
– Китобда муаллиф ҳаётдан ҳикмат излайди, – деди профессор Нарзулла Жўраев. – Ундан ўрин олган хазина ўқувчининг тафаккур оламини юксалтиришга хизмат қилади.
Aсарда инсониятнинг маърифий баркамоллик даврини балоғат ва фасоҳат қалами орқали тушунтиришга ҳаракат қилинган.
Муаллифнинг шахс ва жамият, ҳодиса ва моҳият, замон ва макон ўлчовлари асосидаги теран фалсафий мушоҳадалари асар мазмунини бойитишга хизмат қилган. Китоб бугунги кун кишилик жамияти маънавий ҳаётининг асл мазмуни, борлиқнинг моҳиятини ифодалаб, мактуб тарзида йўлланган.
Тақдимот тадбирида сўзга чиққанлар ушбу тўпламнинг ёшлар ахлоқ-одобида, маънавий камолотида катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Тақдимотда “Пешона тери билан топилган пул”, “Aзизбекнинг матонатидан лавҳа”, “Мансаб курси”си номли саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Н.Усмонова, ЎзА